Жиззах вилоятининг бир қатор туманларида 19 январь куни ҳокимлар ўзгарди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
2018 йил ноябрь ойидан буён Мирзачўл туманига раҳбарлик қилиб келган Комил Адҳамович Холмуродов бошқа ишга ўтиши муносабати билан ҳоким лавозимидан озод этилган. Унинг ўрнига Шерзод Маликович Аҳмедов туман ҳокими лавозимига тайинланган.
Маълумот учун, Шерзод Аҳмедов 1978 йилда Зомин туманида туғилган, 2000 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва 2008 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университети тамомлаган. У 2016 йилдан буён «Агробанк»нинг Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи эди.
2018 йил апрелидан бери Зафаробод туманига ҳокимлик қилиб келган Иброҳим Қаршибоев бошқа лавозимга ўтганлиги муносабати билан лавозимидан озод этилган. Унинг ўрнига Нодирбек Мухторович Ражапов туман ҳокими лавозимига тайинланган.
Шунингдек, шу вақтгача Фориш туманига ҳокимлик қилган Абдивали Мустанов бошқа ишга ўтгани муносабати билан лавозимидан озод этилган. Унинг ўрнига Икром Синдорович Матиев Фориш туманига ҳоким этиб тайинланган.
Аввалроқ Қўрғонтепа туманига вақтинчалик ҳоким тайинлангани, шунингдек, Бектемир тумани ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов Юнусобод тумани ҳокими этиб тайинлангани, собиқ уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири эса Нурафшонга ҳоким бўлгани тўғрисида хабарлар берилганди.
Изоҳ (0)