Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида Туркия компанияси томонидан киритиладиган инвестиция эвазига автомобиль заводи қурилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари Окибжон Иномов матбуот анжумани давомида маълум қилди, дея хабар беради «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев.
Окибжон Иномовга кўра, мазкур лойиҳа 2021 йилда йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватларини ишга тушириш бўйича республика манзилли дастурига киритилган бўлиб, умумий қиймати 10 миллион долларга тенг. Бундан 8 миллион доллари Туркиянинг Manas Savunma компанияси киритадиган хорижий инвестицияга тўғри келади.
2021 йил декабрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган завод Manas Avto Sanoat қўшма корхонаси томонидан «Наманган» ЭИЗ ҳудудида, 7 гектар майдонда барпо этилади. Бунинг натижасида 220 та янги иш ўрни яратилади.
Режага мувофиқ, заводда йилига 3000 дона кичик юк автомобили ишлаб чиқарилади. Улар ички бозор билан бирга МДҲ давлатлари ҳамда Афғонистонга экспортга йўналтирилади.
2021 йил манзилли дастурига Чуст туманида Наманган Changan Motors автозаводи қурилиши ҳам киритилган бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1,8 минг дона автомобиль бўлган лойиҳага БАА компанияси билан ҳамкорликда 5,8 миллион доллар инвестиция йўналтирилади. Лойиҳа 2021 йил июнь ойида ишга туширилиши ва 140 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)