Тошкент вилояти Бекобод туманида фермер хўжалиги ер майдонидан полиз экинларини ўғирлаган шахслар қўлга олинди, дея хабар бермоқда Тергов департаменти.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 10 январь куни 28 ёшли Аҳрор Т. Бекобод тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган.
Аризачи унда 2021 йилнинг 5 январдан 6 январга ўтар кечаси номаълум шахслар унга тегишли бўлган Бекобод тумани «Назарбой» МФЙ ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги ер майдонида бўлган умумий қиймати 7 500 000 сўмни ташкил қилувчи полиз экини маҳсулотларини яширин равишда ўғирлаб кетганликлари, ушбу шахсларни аниқлаб уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида Аҳрор Т.га тегишли бўлган полиз экини маҳсулотларини 21 ёшли Қобилжон А., 27 ёшли Фахриддин М. ва 23 ёшли Жамшид Б. ўғирлаб кетганлиги аниқланган.
Ўз навбатда, жиноятчилар ўғрилик йўли билан кўлга киритилган полиз экинини 1 100 000 сўмга 46 ёшли Жуманазар М.га сотиб юборилганликлари, мазкур экинларни Жуманазар М. ўзи истиқомат қилаётган уйининг омборхонасида сақлаб келганлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бекобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан юқоридаги шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «в» банди (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Бухорода тилла тақинчоқ ўғрилари қум-тупроқда қолдирилган оёқ излари орқали топилгани, Сурхондарёда дўкондан қарийб 27 млн сўмлик 10 та телефон ўғирлаган шахс қўлга олингани ҳамда Навоийда маҳалладошларининг чорва молларини ўғирлаган уч тадбиркор ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)