Шимолий Корея Меҳнат партиясининг VIII қурултойида КХДР етакчиси Ким Чен Ин партия бош котиби этиб сайланди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлигига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: КCНА

Бироз аввал иштирокчилар Корея Меҳнат партиясининг низомига киритилган ўзгартиришни тасдиқлаган эди. Унга кўра, навбатдаги қурултойлар беш йилда бир маротаба ўтказилади.

Йиғинда чиқиш қилган Ким Чен Ин АҚШни КХДРнинг асосий душмани деб атаган. «Келгусидаги ташқи сиёсий фаолиятимиз инқилобий ривожланишимиз йўлидаги асосий тўсиқ ва энг катта душман бўлган АҚШни бостириш ва бўйсундиришга қаратилган бўлиши керак», — дейди у.

КХДР етакчисининг сўзларига кўра, Пхеньян Москва билан икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ниятида, мамлакат уларни кенгайтириш ва ривожлантиришга «пойдевор қўйган».

Партиянинг бундан олдинги қурултойи 2016 йилнинг 6 майида ўтказилган эди. Ўшанда КХДР етакчиси Корея Меҳнат партияси раиси этиб сайланганди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил апрелидан бошлаб, Ким Чен Ин салкам икки ҳафта омма олдида кўриниш бермагач, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда КХДР етакчиси оғир касалликка чалингани ёки вафот этган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. 2020 йил октябрида у Меҳнат партиясига асос солинганига 75 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган ҳарбий парадда халққа мурожаат йўллаган эди.