Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) сўнгги маълумотларига кўра, Европанинг 22 мамлакатида коронавируснинг янги B.1.1.7 тури аниқланган. Бу ҳақда ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси раҳбари Ханс Клюге брифингда маълум қилди.

Фото: «Москва» АА

«Биринчи марта Буюк Британияда аниқланган коронавируснинг янги штамми юқумли, аммо бу касалликнинг оғирроқ шаклларини келтириб чиқариши ҳақида далиллар йўқ», – дейди Клюге.

Аммо ЖССТнинг Европа бўйича минтақавий бюроси раҳбари янги штамм тез тарқалиб бораётгани сабабли аллақачон ўз имконияти чегарасида ишлаётган соғлиқни сақлаш тизимларига босим кучайиши хавфи борлигидан огоҳлантирди.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британияда коронавируснинг янги тури аниқлангани, шу туфайли мамлакатнинг айрим ҳудудларида касаллик тарқалиш суръати тезлашгани ҳақида 14 декабрь куни маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Мэттью Хэнкок маълум қилди. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, ушбу турдаги коронавирус аввалгиларидан 70 фоизга юқумлироқ, лекин ундан хавфли эмас.

Аввалроқ коронавируснинг «британча» штамми 41 та, «африкача» штамми эса 7 та мамлакатда аниқлангани, Британияда учинчи локдаун эълон қилингани ҳамда Германияда коронавирус туфайли чекловлар кучайтирилгани ҳақида хабарлар берилганди.