Кўз очиб юмгунча... йўқ, ниқобни тақиб ечгунча фурсат ўтмай 2020 йил ниҳоясига етиб қолибди. Тан олиш керак, бу йил анчагина синовли келди. Карантинда ўтириб, режаларимизнинг кўпи режалигича қолиб кетди. Буни давлат мисолида ҳам айтиш мумкин, пандемия иқтисодиётга ҳам қаттиқ зарба берди. Биз йилнинг энг салмоқли хабарларини «йилжест»га киритдик.
Тождор вирус пандемияси
2020 йилда хаёлимизни энг-энг кўп банд қилган мавзу, шубҳасиз, коронавирус пандемияси бўлди. Январь ойида Хитойдан тарқалган тождор вирус март ойида Ўзбекистонда ҳам аниқланди. «Бизга келмас...», деб ярим-ёрти умидвор юрганлар бир сесканди. Бутун мамлакат оёққа қалқди. Мамлакат тарихида мисли кўрилмаган карантин эълон қилинди.Хорижий давлатлар билан барча турдаги транспорт алоқалари бекор қилинди. Сайиллар ва йиғилишлар тўхтатилди. Масжидлар фаолиятини тўхтатди. Болалар боғчалари, ўрта мактаблар ва олий таълим муассасалари (давлатникими, хусусийми, фарқи йўқ) карантинга ёпилди. Унинг ўрнига онлайн ва телевидение орқали дарслар йўлга қўйилди. Оммавий тадбирлар, спорт мусобақалари – барчаси бекор қилинди. Концертлар Instagram тармоғига кўчди. Маълум муддатга автобус, метро ва «маршрутка»ларнинг ҳаракати тўхтади. Ўзбекистонда коронавирус сабабли юзага келадиган иқтисодий муаммоларга қарши курашиш учун 10 триллион сўм ажратилди. Ойлар давомида коронавирус хабарлари ахборот сайтларининг бош мавзуси ва энг кўп ўқилган хабарлари қаторида турди. Фуқарони ҳақиқий ҳолатдан бохабар этиб бориш учун Telegram’да “Koronavirus.info” канали очилиб, мавзуга оид қайноқ янгиликлар ва статистика мунтазам бериб турилди.
Ўзбекистонда карантин эълон қилиниши билан одамлар ташвиш ичида дўконларга чопди. Бу эса нархларга таъсир қилмай қолмади. Тиббий ниқоб, антисептик суюқлик, ҳожатхона қоғозлари сотувда қолмади. Картошка, ун ва ёғнинг баҳоси кўтарилди. Оммавий карантин миллионлаб фуқарони ишсиз, нонсиз қолдирди. Шу боис давлат қийналиб қолган хонадонларга ёзда 1 миллион сўмгача пул тарқатди.
Вирус инфекцияси аниқлангандан кейинги уч ой ичида Тошкент шаҳри вирус ўчоғига айланди. Кейин эса «ўчоқ» аҳоли зич жойлашган Фарғона водийсига кўчди. Бу даврда август тест синовлари очиқ осмон остида ўтказилгани дунёга тарқалди. Ялпи карантин жорий этилиши вирус тарқалишини секинлаштиришга ёрдам берди. Қисқа муддатда коронавирус беморлари учун контейнердан шифохоналар қурилди, санаторийлар, турли спорт саройлари, кўргазма салонлари шифохонага айлантирилди. Ўтган ўн ой давомида энг катта қийинчиликка шифокорлар елкасини тутди. Шифокорларга 25 миллион сўмгача моддий рағбатлантириш тақдим этилди. Март ойидан август ойигача соғлиғимиз посбонлари шифохоналарда «вахта» усулида ишлади.
Коронавирус инфекцияси билан касалланган актёр Фатҳулла Масъудов, актриса Дилбар Икромова, сухандон Шуҳрат Қаюмов, тарихчи Андрей Кубатин, Қорақалпоғистон ЖК раиси Муса Ерниязов, Бухоро ҳокимлари Ўктам Барноев ҳамда Карим Камолов ва бошқалар дунёдан ўтди.
Кузга бориб аста-секинлик билан тақиқлар юмшади. Транспорт қатнови асл ҳолига қайтди, халқаро алоқалар тикланди. Масжидлар очилди, таълим даргоҳлари фаолиятини бошлади. Ниқоб ва антисептикни айтмаса, бугунга келиб амалда тақиқ деярли қолмади. Гарчи ҳозир коронавирус таҳликаси одамлар онгидан йўқолган бўлса-да, хатар тўла бартараф этилгани йўқ. Айни кунда мамлакатимизда коронавирус вакцинаси билан қатор фуқаролар эмланмоқда. Кўринмас душман билан кураш 2021 йилда ҳам давом этади.
TikTok эпидемияси
Кимдир сезди, кимдир сезмай қолди, бу йили Ўзбекистонда пандемия билан бирга бошқа бир эпидемия ҳам тарқалди. Бу «TikTok эпидемияси»дир. Худди коронавирус каби манзили Хитой бўлган митти видеолар сервисининг оммалашуви айнан 2020 йилга тўғри келди. Шундай оммалашдики, трафик сарфи бўйича Ўзбекистонда Telegram ва Youtube’дан кейинги ўринга чиқиб олди. Айни вақтда Ўзбекистонда энг кўп юклаб олинаётган мобил дастур ҳам TikTok’дир.TikTok турли платформаларда аудитория йиғиб улгурган блогерлар қатламини бирз зумда «улғайтириб» қўйди. Нега деганда, TikTok’нинг даражаси олдида «Одноклассники» ҳеч нарса бўлмай қолди. TikTok’да гарчи бир неча сонияли ва асосан бемаъни видео жойланса-да, ёшлар соатлаб вақт ажратадиган платформага айланиб қолди. Тиктокерлар «ижод»лари ночор ва мантиқсиз эканини ўзлари ҳам яхши билади. Уларнинг орасида маъноли видео тайёрлашга уриниш бўлган, аммо яхши томоша қилинмаган. Маънодан холи, шунчаки қизиқ видеолар эса млнлаб марта кўрилган. Бу видео эгасига рекламадан катта даромад келтиргани сабабли тўсатдан бойиб кетган машҳур тиктокерлар ҳатто ўз тақдимотларини ҳам ўтказмоқда.
TikTok шунчалик оммалашгач, давлат эътиборидан четда қолмади. Зотан, негативга тўла Facebook, Youtube ва Telegram’дан кўра анча енгил TikTok расмийларга ёққан бўлса ажаб эмас. Декабрда пойтахтда Tashkent City TikTok Awards 2020 тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда қатор санъаткорлар билан бирга Тошкент шаҳар ҳокими ҳам қатнашди. Бу TikTok’чиларга ҳукумат эътибори, ҳоким таъбири билан айтганда, нафақат Ўзбекистонда, балки дунёдаги биринчи тиктокерлар байрами бўлди.
Шамол ва сув чангалида
2020 йилда бухороликлар ва сирдарёликлар турмушига бир табиий ва бир техноген фалокат катта зиён келтирди. 27 апрель куни Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларида кучли шамол келди. Илгари ҳудудда бундай шамол кузатилмагани боис унинг оқибатларидан халқ хўжалиги ниҳоятда катта зарар кўрди. Туманлардаги ўнлаб уйларнинг томини шамол учириб кетди, алоқа линиялари, электр симлари узилди. Шамол ёмғир аралаш ургани сабабли қишлоқ хўжалиги экинларига тиклаб бўлмас даражада зиён етди. Шамол Навоий, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларига ҳам зарар етказди, бироқ энг катта зарарни Бухоро кўрди. Қоракўл ва Олот туманлари билан алоқа тамоман узилиб қолди. Шамол оқибатида 41 фуқаро тан жароҳати олди. Бир киши электр симига ўралашиб ҳалок бўлди.Бухородаги шамол асорати босилиб улгурмасдан Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори жунбушга келди. 1 май куни эрталаб сув омбори дамбасининг олти пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Шундан кейин сув омборининг суви ёйилиши мумкин бўлган ҳудудларда аҳолини ёппасига кўчириш бошланди. Сирдарё вилояти туманларига қўшилиб, Жиззах вилоятининг тегишли туманлари аҳолиси ҳам кўчирилди. Жами етмиш мингга яқин фуқаро эвакуация қилинди. Сув қўшни Қозоғистоннинг Туркистон вилояти аҳолисини ҳам безовта қилди. Сув босиши мумкин бўлган ҳудудлардаги минглаб фуқаро кўчирилди.
Мавзуга доир:
- Ўзбекистонда коронавируснинг еттинчи ҳафтаси дайжести: Шамол ва сув исканжаси, карантиннинг юмшаши, Сардобага йўл олган карвонлар
Фалокат одамларни бирлаштириб, вилоятлардан кўнгиллилар Сирдарёда ёрдам карвонлари юборди. Авария боис уйидан ажралган қозоғистонликларга эса Ўзбекистон ҳукумати ёрдам кўрсатди.
Шавкат Мирзиёев Сардоба фалокатининг айбдорлари қонун олдида жавоб беришини таъкидлади. Бу орада тўғоннинг қулашига лаққа балиқлар, кўрсичқон ва тулкилар сабабчи эканлиги эҳтимоли ўрганиб чиқилди. Авариянинг айбдорлари саккиз ойдирки, эълон қилинмади. Шу ойда Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати Сардобадаги авария билан боғлиқ жиноят ишини ёпиқ тартибда кўриб чиқмоқда.
Қуртлиқи мевалар ёки ЕОИИдан муждалар
Янги Ўзбекистонга қадам босганимиздан бери бир савол ортимиздан таъқиб қилмоқда: Евросиё иқтисодий иттифоқига кирамизми, йўқми? Бу йил бизни ЕОИИга бир қадам яқинлаштирди. Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқида расман кузатувчи-давлат мақомини олди. Марҳум президент Ислом Каримов ташқи иттифоқларга мустақиллигимизга таҳдид сифатида қараб келгани сир эмас, шу боис ЕОИИга шубҳа билан қарайдиганлар жамиятимизда кўпчиликни ташкил этади. Бироқ Россия томони бу шубҳани тарқатишга уриниб, бир ҳафта олдин «Ўзбекистон ЕОИИда мустақиллигини йўқотиши ҳақидаги гаплар кулгили», деб айтди.Мавзуга доир:
Бу тақиқлар нимадан далолат беради? Ҳақиқатан ҳам миллий маҳсулотларимизда айб борми ёки сиёсий босим воситасими? Бу ҳақда аниқ фикр йўқ, аммо «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, қуйи палата депутати Бобур Бекмуродов бу ҳол республика экспорт салоҳиятига таъсир кўрсатишини эътиборга олиб, Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликни тезлаштириш кераклигини эслатди.
Меҳр билан қайтарилганлар
Ўтган йилнинг май ва октябрь ойларида Яқин Шарқдаги можаролар ҳудудидан ўзбекистонликлар қайтарилган эди. Шу йил 8 декабрь куни «Меҳр» операциясининг давоми амалга оширилди. «Меҳр-3» операцияси мобайнида Суриянинг жанговар ҳаракатлари олиб борилаётган ҳудудларидан 98 ўзбекистонлик, яъни 25 аёл ва 73 бола ватанга қайтарилди. Бу ҳам йилнинг арзигулик ҳодисаларидан бири, албатта.Хўш, эркаклар-чи? Яқин Шарқда қийин аҳволга тушган эркаклар қайтариладими, йўқми? Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакили айтишича, «...агарки қўли қон бўлмаса, кимнингдир қотили бўлмаса, вақти келиб, ватанга, албатта, қайтади».
Сўх бу «алангаланмоқ»
Янги Ўзбекистонда ҳокимни тошбўрон қилишлари хаёлингизга келганмиди? Бу йили шундай воқеа юз берди. Май ойида Ўзбекистоннинг Сўх эксклав-туманининг Чашма қишлоғи ва Қирғизистоннинг Қадамжой туманидаги Чашмага номдош Чечме қишлоғи аҳолиси ўртасида жанжал келиб чиқди. Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев можаро устига етиб келиб, оломонни тинчитишга уринди, бироқ дарғазаб одамлар уни ҳам тортқилаб кетди ва унга тош келиб тегди. Айтиш керакки, сўхликларнинг норозилиги эксклав худди орол каби мамлакатнинг асосий қисмидан узилиб қолганидандир. Карантин эса сўхликлар қамалда қолиб, янада қийналишига сабаб бўлди.Шундай қилиб, мамлакат миқёсидаги раҳбарлар Сўх муаммосини бартараф этишга бел боғлади. Сўхликларга катта имтиёзлар тақдим этилди, ҳатто самолёт қўйиб бериш ваъдаси ҳам айтилди (аммо етти ой ўтдики, амалга ошгани йўқ). Бу орада Фарғона ҳокими Шуҳрат Ғаниев Тошкентга кўтарилиб кетди. Тартибсизликларда қатнашган ёшлар эса аллақачон ҳибсга олинган бўлиб, суди давом этяпти.
Tahoe муборак, ҳокимбува
2020 йилда давлат харидлари очиқ порталга қўйиб борилганлиги туфайли фаол фуқаролар харидларни бевосита кузатиш ва баҳолаш имконига эга бўлди. Ижтимоий фаол фуқаролар қатор ҳокимликлар ва вазирликларнинг қимматбаҳо автомобиллар сотиб олиши ҳақида бонг ура бошлади. Оқибатда давлат идоралари сергак тортиб, харажатларни қисқартиришга урина бошлади. Бундан ташқари бюджетни соғиш йўли бўлган тендерлар ҳам манфаатлар тўқнашуви асосида ташкил этилиши жамоатчиликка бор бўйича ошкор бўлиб қолди. Бу ҳақда сайтимизда «Андижонча тендерлар» ва «Жиззахча тендерлар» мақолаларини ўқинг.Яна бир марта UzAuto Motors
2020 йилда ўқувчилар «Санта Барбара» каби чўзилган суд ишини кўришга муваффақ бўлди. Бу Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва UzAuto Motors ўртасидаги судлашувдир. Бу судлашувнинг тўла тарихини бу ерда ўқишингиз мумкин.Мавзуга доир:
Муҳтарам ўқувчи. Йил давомида «Дарё»ни ўқиб борганингиз учун сизга миннатдорлик билдирамиз. Яхши кунда ҳам ёмон кунда ҳам ўқувчиларимиз билан бирга бўлиш биз учун катта шараф. Биз келгуси йилда хонадонингизга қувончли кунлар кўпроқ бўлишини, синовларнинг ортда қолишини тилаймиз. Биздан узоқлашманг.
Изоҳ (0)