Ўзбекистонда 2021 йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш энг муҳим вазифалардан бири бўлади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида айтиб ўтди.
«Бу ишлар учун 2021 йил давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан, албатта, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилади», — деди давлат раҳбари.
Санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этишга 200 миллион доллар йўналтирилади.
Пандемия сабоқларидан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўлами янада кенгайтирилади. Жумладан, барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш чоралари кўрилади.
Шунингдек, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина йўлга қўйилиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятлар янада кенгайтирилади.
Изоҳ (0)