Президент Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари форумида мамлакат ёшларини қийнаётган муаммолар ва уларни тизимли ҳал қилиш зарурлиги ҳақида сўз юритди. Давлат раҳбари тадбир давомида Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари билан ҳам суҳбатлашиб, мазкур ҳудудларда ёшларга оид давлат сиёсати бўйича амалга оширилаётган жараёнлар ва Президент топшириқлари ижросига қизиқди.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов давлат раҳбарининг саволларига жавоб бераркан, ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар ва келгуси йилга мўлжалланган режаларига тўхталиб ўтди. Форумда қатнашган «Дарё» мухбири Миролим Исажоновнинг хабар беришича, Андижон ҳокими Президент билан 12 дақиқа 43 сония давом этган суҳбат давомида «ҳурматли Президент» иборасини 80 марта (ўртача ҳар 9,5 секундда бир марта) айтган. Таққослаш учун, Абдураҳмоновдан сўнг сўз олган Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров 12 дақиқа 34 сониялик чиқиши давомида «бор-йўғи» 22 марта (ўртача ҳар 34,3 сонияда бир марта) «муҳтарам Президент» деган.

Фото: «Дарё»

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ва Президент Шавкат Мирзиёев ўртасидаги мулоқот стенограммаси

Шуҳрат Абдураҳмонов: «Ҳурматли Президент, албатта, Андижон вилоятига ташриф буюрганингизда 11-синф ўқувчиларининг тақдири нима бўлади, деган савол берган эдингиз, ҳурматли Президент. Шундан сўнг Андижон вилоятидаги мавжуд 40 минг 298 нафар 11-синф битирувчиси ва уларнинг ота-оналари ўртасида икки маротаба сўровнома ўтказдик, ҳурматли Президент. Улар нимани хоҳлайди, нималарга иштиёқи бор, деган масалада сўров ўтказдик, ҳурматли Президент. Бугунги кунда 40 минг 298 нафар 11-синф битирувчимизнинг 97 фоизи, яъни 40 минг 198 нафарини ўзининг истаги бўйича иш билан банд қилдик, ҳурматли Президент. Улардан 16 минг нафарга яқини тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган эди ва уларга 42,5 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар берилди. Катта раҳмат, ҳурматли Президент, ушбу муаммони ҳал қилиб берган эдингиз. Ҳурматли Президент, бугун шу фарзандларимизнинг ҳаммаси ҳаётда ўз ўрнини топиб, ўзи сингари тенгдошларини ёнига ишга олиб, иш билан таъминлади, ҳурматли Президент. Бу Андижон тажрибасини ҳақиқатан ўзингизни кўрсатмангиз бўйича ташкил қилдик.

Қолаверса, ҳурматли Президент, яқинда берган топшириғингизга асосан, 7—11-синф ўқувчилари ўртасида катта сўровнома ўтказдик ва уларнинг хоҳиши, йўналиши бўйича иш билан таъминлаш чораларини кўряпмиз, ҳурматли Президент. Албатта, ҳурматли Президент, бу тизимни олий ўқув юртлари битирувчилари ҳамда ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасаларининг 11 мингга яқин битирувчилари ўртасида ҳам ўтказиб, ўз хоҳишига кўра, ҳурматли Президент, бугун уларнинг 96 фоизини иш билан таъминладик, ҳурматли Президент».

Фото: «Дарё»

Шавкат Мирзиёев: «Агар ҳаракат қилиб шуғуллансак, шу нарсани қилсак бўларканми? Тасаввур қилинг, 2018—2019 йилларда мактабларни тугатган 40 минг андижонлик фарзандимиз қаерда юришини ҳали биронта раҳбар ҳисоб-китоб қилмаган».

Шуҳрат Абдураҳмонов: «Ҳурматли Президент, ҳақиқатан тан олиб айтишимиз керак, олдин бу масала билан шуғулланмаганмиз, яъни уларнинг тақдири нима бўлганлигини билмаганмиз ҳам, десам, ҳурматли Президент, тўғри бўлади. Лекин бу йил қилган ишимизни сизнинг топшириғингиз билан амалга оширдик. Октябрь—ноябрь ойларида, ҳурматли Президент, вилоятимиз ёшларини тўлиқ хатловдан ўтказдик. Шу жараёнда ёшларимизнинг айримлари 30 миллион, айримлари 20 миллион сўмдан олган кредитларига, ҳурматли Президент, бугунги кунда амалга ошираётган ишларини кўриб, ҳурматли Президент, ҳақиқатан бизга тўғри йўл кўрсатиб берганлигингиз, Андижон намунаси кўринди, ҳурматли Президент. Яқинда туманлар ва шаҳарларда ўтказилган форумларда ҳам, ҳурматли Президент...»

Шавкат Мирзиёев: «Иш билан таъминланган ёш ўғил-қизларимизнинг кўзи билан ишсиз бўлиб ўтирган қизларимизнинг кўзи қандай ёняпти, кўрдингизми? Уларда қандай кайфият, буларда қандай кайфият?».

Шуҳрат Абдураҳмонов: «Албатта, ҳурматли Президент, ҳаётда ўз ўрнини топган, ўз хоҳишлари билан ишлаб, йўлини топган ёшларнинг барибир, ҳурматли Президент, кўзи ёниб турибди. Иккинчи тоифадаги уюшмаган ёшлар, ҳурматли Президент, маҳаллаларда аниқланган 43 минг 221 нафар ёш билан ишлаяпмиз . Лекин ҳаётда ўз ўрнини тополмаган, тадбиркорлик билан шуғуллана олмаган ёшлар орасида, ҳурматли Президент, ҳақиқатан ҳам жуда катта фарқ борлигини ўзимиз кўрдик, ҳурматли Президент.

Шавкат Мирзиёев: Ҳозирги «ёшлар дафтари» бўйича қандай ишлар қиляпсизлар?

Шуҳрат Абдураҳмонов: «Ҳурматли Президент, биз октябрь—ноябрь ойларида вилоятимиз бўйича 100 фоиз ёшларимизнинг «ёшлар дафтари»ни шакллантирдик, ҳурматли Президент. Вилоятимизда 3 миллиондан ортиқ аҳоли бўлса, ҳурматли Президент, шундан 1 миллион 650 минг нафари ёки 55 фоизини ёшларимиз ташкил қилади. 18 ёшдан 30 ёшгача бўлганлари 595,5 мингтани ташкил қилади. Ҳурматли Президент, хатлов жараёнида бугунги кунда вилоятнинг ўзида 36,5 минг ишсиз ўтирган, ҳурматли Президент, муаммоси ўйлантираётган ёшларимиз аниқланди. Бундан ташқари, ҳурматли Президент, сиз белгилаган яна бир вазифа: ҳурматли Президент, биз нафақат Ўзбекистонда, балки ишлаш, ўқиш учун чет элга чиқиб кетган 57 минг 500 нафардан ортиқ ёшларимизнинг 37 минг нафари билан ҳам телефон орқали, ҳурматли Президент, қачон келиши, ким қандай йўналишда тадбиркорлик қилиши, нима хоҳиш-истаги борлигини ҳам инобатга олиб, алоҳида суҳбатлар ўтказдик, ҳурматли Президент.

Бугун Андижон вилоятида, ҳурматли Президент, 36 минг ишсизман деганларни 16 минг нафари турли сабаблар билан: оилавий шароити, ҳурматли Президент, бола ташвиши ва бошқа-бошқалар билан ишлаш истаги йўқлигини билдирган. Ишлаш истагини билдирган 18,5 мингтаси билан ишларни бошлаб юбордик, ҳурматли Президент. Бугунги кун ҳолатига кўра, 1 минг 508 нафари, ҳурматли Президент, ўзи танлаган ва ўзи хоҳиш билдирган йўналиш бўйича иш билан таъминлаб, бу бўйича сектор раҳбарлари билан бирга ишларни амалга оширяпмиз.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, ҳурматли Президент, хатлов жараёнида уларни фақат иш билан таъминлаш эмас, балки уларни қийнаб келаётган яна қандай муаммолар бор, деган саволни олдимизга қўйдик, ҳурматли Президент. Турли йўналишлар бўйича 16 минг 428 та муаммо аниқланди, ҳурматли Президент. Бугун мана шу қисқа даврда: октябрь—ноябрь—декабрь ойларида, ҳурматли Президент, 6 мингдан ортиқ шу муаммони ҳал этдик. Ҳақиқатан ёшларимизни қийнаб келаётган муаммоларнинг ечими ўзимизнинг қўлимизда эканлигини, ҳурматли Президент, тушуниб етяпмиз.

Мен ўйлайман, ҳурматли Президент, бугун маърузангизда қўйган вазифаларингиз, жумладан, ёшлар кичик саноат зоналарини ташкил қилиб бериш, қолаверса, «ҳар бир тадбиркор — биттадан ёшга мададкор» деган масала, ҳурматли Президент, куни кеча топшириғингиз бўйича Адҳам Илҳомович (Савдо-саноат палатаси раиси – таҳр.) ҳамма вазифаларни айтди. Бу бўйича ҳам, ҳурматли Президент, жуда катта тадбиркорларимиз билан суҳбатлашдик, улар буни 200 фоиз қўллаб-қувватлаяпти. Битта ёшга мададкор бўлиш Андижон вилоятидаги тадбиркорларга катта куч беради, ҳурматли Президент, бизнинг олдимиздаги муаммоларни ҳал қилишда ҳам ҳисоб-китобимиз чиқади, ҳурматли Президент.

Яна битта масала, ҳурматли Президент, биз сектор раҳбарлари билан биргаликда яна тўртта йўналишни Андижон тажрибаси қилиб белгиладик, ҳурматли Президент. Рухсатингиз билан бирма-бир айтсам.

Биринчиси, кам таъминланган оилалар, ҳурматли Президент. Ишсиз фуқаролар билан фақат ҳокимлар шуғулланади менинг бошчилигимда, ҳурматли Президент.

Иккинчи йўналишимиз, сиз лавозимга ўтиргандан бери битта нарсани айтасиз: «Ногиронлиги бор, меҳнатга лаёқатсиз инсонлар ҳам, албатта, бизнинг фуқароларимиз, уларнинг ҳам дардини эшитиш керак, уларни ҳам қўллаб-қувватлаш керак», деган масалани доимо олдимизга вазифа қилиб қўйиб келасиз, ҳурматли Президент. Биз ҳисоб-китоб қилдик, Андижон вилоятида бугунги кунда 6 минг 900 дан ортиқ худди шунақа: меҳнатга лаёқатсиз, имконияти чекланган, ногиронлиги бор аҳоли яшайди, ҳурматли Президент. Бу масалани вилоятимиз прокурори бошчилигида прокуратура органлари тўлиқ ўз назоратига олиб, ҳурматли Президент, уларни ҳаётдан рози қилиш бўйича ишлайдиган бўлди.

Фото: «Дарё»

Учинчи йўналишимиз, ҳурматли Президент, ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва бутун ички ишлар тизимимиз, ҳурматли Президент, тарбияси оғир, жиноят содир этишга мойиллиги бор 3 минг 994 нафар ёшимизнинг ҳар бири билан, ҳурматли Президент, манзилли ишлаши бўйича йўналиш белгиладик.

Тўртинчи йўналишимиз, ҳурматли Президент, ҳар сафар «Солиқчилар — тадбиркорга кўмакчилар», деган гапни айтасиз, ҳурматли Президент. Солиқчиларимиз ҳамда Марказий банк тизимимиз, ҳурматли Президент, тадбиркор бўламан деган 14 минг 967 минг нафар ёшга бириктирилади. Ҳар бир ходимга тўрт нафардан ёш тўғри келди, ҳурматли Президент. Бу ҳам юқорида айтилган «Ҳар бир тадбиркор — биттадан ёшга мададкор», деган масалада бир-бирига мос келди, ҳурматли Президент.

Умуман айтганда, ҳурматли Президент, бизнинг ҳисоб-китобимиз бўйича 137 миллиард сўм миқдоридаги кредитга талаб бор. Ҳозир ўзингиз айтдингиз, ҳурматли Президент, оилавий тадбиркорлик бўйича ҳар бир вилоятга 100 миллиард сўмдан, 45 миллион доллар микрокредитга, ҳурматли Президент, ҳамда 100 миллион доллар (инновацион ғоялар ва ёшлар лойиҳаларини молиялаштириш учун) ажратилганлиги албатта, ёшларимизни бугун бизга билдирган муаммоларини ечишга жуда катта хизмат қилади.

Ҳурматли Президент, биз ёшларни фақатгина иш билан таъминлаш эмас, балки маданиятимиз, маънавиятимиз, уларни спортга жалб этиш, китобхонлик масаласи... Яна битта энг катта масала — бу ахборот технологиялари, ҳурматли Президент. Мана шу йўналишлар бўйича ҳам ёшларимизнинг қизиқишларини аниқлаб олишимиз... Кеча, ҳурматли Президент, ёшлар форумини ўтказдим. Бир ёшгина қизимиз чиқиб, битта нарса айтди «Андижонда ижод қилаётган жуда кўплаб ёшларимиз бор. Уларнинг китобларини чиқаришга ёрдам берсангиз, кўрик-танлов ўтказиб берсангиз», деган талабни қўйди, ҳурматли Президент. Бу масалани ҳам қўллаб-қувватлаймиз, маблағимиз ҳам бор. Ҳурматли Президент, бу муаммоларни ҳал қилиш учун бизда барча имкониятлар бор. Айтмоқчиманки, фақатгина иш билан таъминлаш эмас, ҳозир таъкидлаганингиздек, бу тизимли давом этиши керак, ҳурматли Президент. Сиз томондан қўйилган ҳамма вазифалар биз учун қонун, ҳурматли Президент. Мен сизга ваъда бераман, бугун қўяётган вазифаларингиз, ёшларимиз билан бир-икки ойда эмас, кун давомида учарашамиз, ҳурматли Президент.

Ўзингиз ҳар сафар «Олдин 70—80 фоиз вақтинг далада ўтарди», дейсиз, ҳурматли Президент. Ҳозир асосий вақтимизни таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар ва хотин-қизлар масалаларига сарфлашга ҳамма имкониятни яратиб бергансиз. Бугун вилоят раҳбари сифатида, ҳурматли Президент, хатлов жараёнида аниқланган андижонлик ёшларимизнинг муаммоларини ҳамда сиз белгилаган вазифаларни сўзсиз бажаришга ваъда бераман, ҳурматли Президент».

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев: «Кейинги йилдан ҳар уч ойда бир марта республиканинг ҳамма ҳокими ёшлар муаммолари бўйича кенгашда ҳисобот беради. Мутасадди ташкилотлар билан бирга шуғулланасизлар деганимда, тушундиларингиз тўғрими?

Шуҳрат Абдураҳмонов: «Тушунарли бўлди, ҳурматли Президент».

Шавкат Мирзиёев: «2021 йил 1—5 май кунлари Андижон тажрибасини оммалаштириш мақсадида вилоятда катта форум ўтказасиз. Агар мени таклиф қилсангиз, мен ҳам боришга ҳаракат қиламан.

Бу гапларни ёшларимизни инонтириш, ишонтириш учун айтаман. Бу ишлар қоғоз учун бўлаётгани йўқ. Вақти-соати келди, мана шу янги Ўзбекистонда ёшларниннг фикри, таклифлари, билими, жўшқинлиги, фидойилиги, ватанпарварлиги, албатта, бизга ҳозир керак. Мана шуларни инобатга олиб, ҳаммамиз биргаликда 1—5 май кунигача Андижонга тайёргарлик кўрсак, яна ҳар йили қайсидир вилоятларга борсак, жуда катта тажриба орттирамиз. Тушунарлими, Абдураҳмонов?!»

Шуҳрат Абдураҳмонов: «Ҳурматли Президент, мен сизни ишонтириб айтаман, Худо хоҳласа, сизни 1—5 май кунлари андижонлик ёшлар билан Андижонда кутиб қоламиз, ҳурматли Президент».