Япониянинг Toyota компанияси бир вақтнинг ўзида бир нечта автоном автомобилни бошқариш имконини берадиган янги транспорт тизимини яратди, деб хабар беради «Korrespondent.net».
Таъкидланишича, тизим узунлиги беш, эни икки метр келадиган Toyota’нинг автоном автомобилларини бошқаришга қодир.
Ихтиронинг намойиши вақтида автомобиллар белгиланган жойга хатоликсиз келиб тўхтаган. Вазифа машиналардан бири тўқнашувдан қочиш учун иккинчисини ўтказиб юбориши лозимлиги сабаб мураккаблаштирилган.
Компания янги тизимга эга автомобиллардан кейинги йили Токиода ўтказиладиган Олимпиада ва Паралимпия ўйинларида спортчиларни ташишда фойдаланишни режа қилган. Шунингдек, Toyota бошқа компаниялар билан ҳамкорликда 2025 йилга қадар ушбу тизим билан жиҳозланган машиналардан товарларни ташиш ва автодўкон сифатида фойдаланиш ниятида.
Аввалроқ Toyota 10 дақиқада тўлиқ қувватлантириш мумкин бўлган электрокарни яратишни режалаштираётгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)