Самарқанд шаҳридаги «Лабиғор» маҳалласида жойлашган чилимхонадаги қиморхона фош этилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, «Лабиғор» маҳалласида яшовчи 1997 йилда туғилган М.Ш. ўттиз нафарга яқин шахсларни йиғиб, таваккалчиликка асосланган қимор ўйинини ташкиллаштирган ва ҳар бир ўйин учун 5000 сўмдан ижара ҳақи олган.
Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан 2020 йилнинг 18 декабрдан 19 декабрга ўтар кечаси Юсуф Ҳамадоний кўчасида жойлашган Sarat Relax Bar чилимхонасида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида фуқаро М.Ш. томонидан таваккалчиликка асосланган қимор ўйини ташкиллаштирилганлиги аниқланиб, тўққиз қути очилган карта калодалари, ўйин учун берилган 906 минг сўм пул, 26 та ҳар хил турдаги уяли телефон аппарати, 1 миллион 514 минг сўм ва 100 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар холислар иштирокида далилий ашё сифатида олиб қўйилган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан М.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми билан (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)