Навоий вилояти прокуратураси «Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятининг мурожаатига асосан хусусий ҳайвонот боғи директори («Ферз Умид» МЧЖ) Соҳиба Барноевага нисбатан ҳайвонларни сақлашдаги қонунбузарлигига оид ишни кўриб чиқди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.
Аввалроқ Тошкент ҳайвонот боғининг бош ветеринария шифокори ва фельдшер Навоийдаги хусусий ҳайвонот боғида узоқ вақт ёмон шароитда сақланган ҳайвонларни пойтахтга олиб келгани тўғрисида хабар берилганди.
Бош прокуратура маълумотларига кўра, 22 ноябрь куни Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва экология бошқармаси ҳайвонот боғида текширув ўтказиб, қушлар ва ҳайвонларни сақлаш шароитида камчиликларни аниқлаган ҳамда уларни бартараф этиш бўйича кўрсатма берган.
Ҳайвон ҳимоячиларининг мурожаатини кўриб чиқиш давомида ёввойи ҳайвонлар — саҳро бўриси, жайра, насуа, тўқай мушуги, бургут, кал жўрчи, укки ва иккита қора тасқара — ҳайвонот боғида «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун талабларини бузган ҳолда рухсатсиз сақлаб келингани аниқланган.
Бошқарма мазкур факт юзасидан 16 декабрь куни хусусий ҳайвонот боғи директори Соҳиба Барноевага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-модда 1-қисми (ов қилиш ва балиқ овлашнинг тақиқланган қуролларини ёки воситаларини тайёрлаш, олиб кириш, сақлаш, ташиш ёки юбориш, олиш ёхуд сотиш/ҳуқуқбузарлик қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солиш) бўйича маъмурий иш қўзғатиб, ҳужжатлар маъмурий ишлар бўйича шаҳар судига юборилган.
Изоҳ (0)