«Наполи» жамоаси «Ювентус»га қарши ўйиндаги техник мағлубият ва очко олиб ташланиши билан боғлиқ иш апелляциясида ютиб чиқди.
Италия Олимпия қўмитаси Апелляция бўлими Италия арбитраж суди қарорини бекор қилди ва жамоалар ўртасидаги учрашувни ўтказиш, шунингдек, олиб ташланган очкони қайтариш қарорини қабул қилди.
Эслатиб ўтамиз, «Наполи» А Серия доирасида 4 октябрь куни бўлиб ўтиши керак бўлган «Ювентус»га қарши баҳсга етиб келолмаганди. Ўша вақтда жамоада коронавирус тарқалгани сабаб Неапол шаҳри соғлиқни сақлаш ташкилоти «Наполи»га шаҳардан чиқишни тақиқлаб қўйганди.
Женнаро Гаттузо бошчилигидаги жамоа Туриндаги учрашувни қолдиришни сўраб мурожаат қилган. А Серия эса ўйиннинг қолдирилишига ҳеч қандай асослар йўқлигини маълум қилган ва «Наполи»га техник мағлубият ёзганди. Шунингдек, жамоадан бир очко олиб ташланган. Бу қарорни Италия футбол федерацияси ҳам қўллаб-қувватлаган, ушбу ташкилотлар апелляция органлари ҳам уларнинг фойдасига қарор чиқарганди.
Шу тариқа, А Серия Италия Олимпия қўмитасининг мазкур қарори юзасидан фақат халқаро спорт арбитраж судига (CAS) арз қила олиши мумкин.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)