Ижтимоий тармоқларда бир ҳайдовчи бошқасини «тартибга чақириб» қўйиш мақсадида уни қувиб ўтиб, кескин тормоз бергани тасвирланган роликлар тез-тез тарқалиб туради. Бироқ бу рулни бошқариб кетаётганда бажариш мумкин бўлган энг аҳмоқона ишлардан бири ҳисобланади, чунки орқада келаётган машина тормоз босишга улгурмай қолиши оқибатида ЙТҲ содир бўлиши мумкин. CARakoom томонидан эълон қилинган видео ҳам Mercedes-Benz ҳайдовчиси худди шу каби ҳолатда жиддий аварияга учрагани тасвирланган.
Маълумотларга кўра, видеоролик ноябрь ойида Польшада суратга олинган. У Mercedes-Benz E-Class универсали ҳайдовчиси секин ҳаракатланиб кетаётган тракторни қувиб ўтиши билан бошланган.
Машина тракторни шунчаки қувиб ўтиб, йўлини давом эттириш ўрнига, Mercedes-Benz ҳайдовчиси кутилмаганда тормозни босади ва трактор ҳайдовчисини чап томонга буришга мажбур қилади. Шундан сўнг, Mercedes яна тезлашиб, бу сафар қарама-қарши йўналишга чиқиб кетади ва яна тормоз тепкисини бошади. Бу сафар тракторчи вақтида тўхтай олмай Mercedes’нинг ортига бориб урилади.
Тўқнашувдан сўнг, иккала машина ҳам йўл четига тўхтаган ва универсал ҳайдовчиси автомобилдан тушиб, тракторчининг олдига келган. Тракторчи «Офарин, менда барчаси ёзиб олинган» деганида, Mercedes ҳайдовчиси «Менда ҳам», дея жавоб қайтарган.
«Mercedes-Benz ҳайдовчисининг бу каби жаҳли чиқишига нима сабаб бўлгани номаълум, бироқ унинг ушбу хатти-ҳаракати оқилона эмаслигини машинага етказилган зарар кўрсатиб турибди», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)