Мадриднинг «Реал» жамоаси Ла Лига 13-тури доирасида 12 декабрь, шанба куни ҳамшаҳари «Атлетико»ни мағлубиятга учратди (2:0).
Шу тариқа «Атлетико»нинг Испания чемпионатидаги мағлубиятсиз серияси ўз якунига етди. «Матрасчилар» кетма-кет 26 ўйиндан буён ютқазмай келаётганди. «Атлетико» мазкур серия доирасида 17 та баҳсни ютди ва 9 бор дуранг ўйнади.
Сўнгги бор Диего Симеоне қўл остидаги жамоа Испания чемпионатида 2020 йилнинг февралида мағлубиятга учраганди. Ўшанда ҳам жамоа айнан «Реал»га мағлуб бўлганди (0:1).
«Атлетико» Ла Лигада 2016 йилдан буён ҳамшаҳарини мағлуб этолмаяпти. Сўнгги бор Симеоне жамоаси 2016 йилнинг 27 февралида «Реал»дан устун келганди (1:0). Шундан бери «қаймоқранглилар» Ла Лигадаги дербида 4 марта ғалаба қозониб, 5 бор дуранг қайд этди.
«Реал» 23 очко билан 3-ўринда бормоқда, «Атлетико» (26) эса ҳамон пешқадамликни сақлаб турибди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)