АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида Тошкент вақти билан 13 декабрь, тонгида UFC 256 мусобақаси ўтказилди.
Мусобақанинг асосий жанги мутлақ енгил вазн тоифаси чемпиони Дейвисон Фигередо ва мексикалик яккакурашчи Брендон Морено ўртасида кечди. Дастлабки икки раунд устунлик чемпион томонида бўлди, бироқ Брендон рақибининг зарбаларига дош бериш билан бирга, ўзи ҳам қатор вазиятларда фаоллик намойиш қилди. Учинчи раундда вазият бироз тенглашди, бу раундда Дейвисон рақибига тақиқланган зарба йўллади ва ундан очко олиб ташланди. Тўртинчи раундда ҳам тенг кураш борди, раунднинг биринчи ярмида Фигередо устунлик қилган бўлса, сўнгги дақиқалар Морено ҳисобига ёзилди. Бешинчи раундни жангчилар пастда темпда ўтказди ва муҳим зарбалар борасида Фигередо бироз устунлик қилди. Якунда иккита ҳакам дурангни қайд этди, бири эса Дейвисон фойдасига қарор чиқарди. Шу тариқа Фигередо чемпионлик камарини ҳимоя қилди.
Яна бир марказий жанг енгил вазн тоифаси вакиллари Тони Фергюсон ва Чарльз Оливейра ўртасида кечди. Оливейра ҳар учала раундда ҳам устунликка эришди. Жангнинг кўп қисми партерда ўтди, Тони биринчи раунд сўнггида қўл оғритиш усулига тушиб қолди, бироқ раунд тугагани ҳақида бонг уни муддатидан аввалги мағлубиятдан қутқариб қолди. Иккинчи раундда Фергюсон «учбурчак» усулидан чиқиб кетишга эришди. Шу тариқа Оливейра барча раундларни ўз фойдасига ҳал қилган ҳолда ғалабага эришди.
Шунингдек, Кевин Ҳолланд Рафаэл Соузани биринчи раунддаёқ нокаутга учратиб, навбатдаги ғалабани нишонлади. Сирил Гейн эса собиқ чемпион Жуниор дос Сантосни таслим этди.
Прелим кардда жанг ўтказган қирғизистонлик Рафаэл Физиев (9-1) биринчи раунддаги ажойиб нокаут эвазига Ренато Мойканони (14-4-1) енгди.
UFC 256 жанглари видеосини бу ерда томоша қилиш мумкин — ҳавола
Асосий кард натижалари:
- Дейвисон Фигередо (21-1) ва Брендон Морено (18-6-1) ўртасидги жанг дуранг билан якунланди — (47:46, 47:47, 47:47).
- Тони Фергюсон (26-5) очколар ҳисобида Чарльз Оливейрага (30-8) ютқазди — (27-30, 27-30, 27-30).
- Маккензи Дерн (10-1) очколар ҳисобда Вирн Яндиробани (16-2) енгди — (29-28, 29-28, 29-28).
- Кевин Ҳолланд (21-5) биринчи раунддаги нокаут эвазига Роналдо Соузадан (26-9) устун келди.
- Сирил Гейн (7-0) иккинчи раунддаги техник нокаут билан Жуниор дос Сантосни (21-9) мағлуб этди.
Изоҳ (0)