Туркия полицияси 8 декабрь куни 2016 йилда амалга оширилган давлат тўнтаришига уринишга алоқадорликда гумонланаётган 198 кишини қўлга олди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
Маълум қилинишича, қўлга олинганлар орасида оддий фуқаролар ва ҳарбий хизматчилар бор.
Махсус полиция операцияси Измир Бош прокуратураси томонидан 304 кишини, шу жумладан, мамлакатнинг 50 та провинциясида 285 нафар амалдаги ҳарбий хизматчини қўлга олиш ҳақидаги ордер берганидан кейин амалга оширилган.
Эслатиб ўтамиз, Туркияда 2016 йилнинг 16 июлига ўтар кечаси исёнчилар ҳарбий давлат тўнтаришини амалга оширишга уриниб кўрди. Асосий тўқнашувлар Анқара ва Истанбул шаҳарларида бўлиб ўтди. 250 дан ортиқ фуқаро ҳалок бўлган, икки мингдан ортиқ одам жароҳат олган. Исён бостирилган.
Кейинроқ Туркияда 50 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган, 160 мингдан ортиқ давлат хизматчиси, шу жумладан, ҳарбийлар ишдан бўшатилган ёки четлатилган.
Туркия ҳукумати ФЕТО мухолифат ташкилоти етакчиси Фатҳуллоҳ Гуленни давлат тўнтаришига алоқадорликда айблаган. АҚШда яшайдиган Гуленнинг ўзи эса давлат тўнтаришини қоралаган ва айбловларни рад этган.
Изоҳ (0)