5 декабрь Москва вақти билан соат 11:00 ҳолатига кўра, Россияда яна 28 782 кишида коронавирус тасдиқланди, деб хабар беради Meduza. Бу мамлакатда пандемия бошланганидан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Бундан бир кун олдин 27 403 кишида COVID-19 аниқланган эди. Россияда ҳозирга қадар коронавирусга чалинганлар сони 2 431 731 кишига етган.

Фото: «РИА Новости»

Касалланиш ҳолатлари асосан Москва (7993 киши), Санкт-Петербург (3726), Москва (1246) ва Нижегородск (495 киши) вилоятларида қайд этилган.

Ўтган бир сутка ичида 508 киши коронавирус инфекцияси қурбонига айланган. Тезкор штаб маълумотларига кўра, ҳозирга қадар Россияда коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 42 684 кишини ташкил этмоқда.

Шунингдек, бир сутка ичида беморларнинг 27 644 нафари соғайган — ҳозирга қадар соғайганлар сони 1 916 396 кишига етди.

«Роспотребнадзор» маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирусни аниқлаш учун сўнгги 24 соатда 550 мингта тест ўтказилган.

Аввалроқ Россияда пандемия бошланганидан буён ортиқча ўлим ҳолати 120 минг кишини ташкил этгани, бу тезкор штабнинг COVID-19 борасидаги маълумотларидан тўрт баробарга кўп эканлиги ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ бош вазир ўринбосари Татьяна Голикова ҳолатга изоҳ бериб, «Росстат»нинг коронавирус билан боғлиқ ўлим статистикалари ишончли эканлигини айтган.