Енгил вазн тоифасида UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов 1 декабрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида GFC промоушенини сотиб олгани ва Ўзбекистонда яна бир бор мусобақа ўтказиш борасида гапирди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар қилмоқда.
«Ҳа, мен GFC промоушенининг юз фоизлик эгасига айландим. Ўзбекистонда мусобақа ўтказиш борасида Отабек Умаров билан суҳбат қурдик, бу режамизда бор. Менимча, бу ердаги илк мусобақа рамазондан кейин бўлса керак. Пандемия сабаб муддат бироз ўзгариши мумкин, май ойи боши ёки охирида Ўзбекистонда мусобақа ўтказишни мўлжаллаяпмиз.
Ўтган сафарги мусобақадан кейин мамлакатда MMA’га бўлган қизиқиш улкан суратда ўсганини кўрдик. Бу кўплаб спортчиларга мотивация берди.
Ўзбекистонда мусобақа ўтказиш режамизда бор. Балки, 2019 йилдаги каби 14-15 минг мухлисни йиғишнинг иложи бўлмас, бироқ ўша даражадаги мусобақани ўтказиш ниятидамиз», — дейди Ҳабиб.
Маълумот учун, Ҳабиб Нурмагомедов GFC промоушенини 1 миллион доллар эвазига сотиб олди ва унинг номини EFC’га (Eagle Fighting Championship) ўзгартирди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг ноябрида Тошкентдаги «Ҳумо Арена»сида GFC 20 мусобақаси ўтказилган. MMA кечасининг асосий жангида Умар Нурмагомедов чемпионлик камарини муваффақиятли ҳимоя қилганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)