YouTube’даги «Улар» лойиҳасининг навбатдаги сонида Telegram’даги «Kurbanoff.net» канали муаллифи Шуҳрат Қурбонов ҳамда «Bakiroo» канали муаллифи Отабек Бакиров билан Тошкент шаҳрининг инфратузилмасида учраётган муаммолар юзасидан суҳбат уюштирилди.
Суҳбат давомида пойтахт йўлларининг тирбандлиги, шаҳарда жойлашган уйлар учун инфратузилмани таъминлаш бўйича етарлича ҳисоб-китоблар амалга оширилмагани юзасидан фикрлар билдириб ўтилди.
«Транспорт биринчи даражали ҳаётий эҳтиёж эмас. Янги қурилган ва қурилаётган, амалда мавжуд бўлган уйларнинг инфратузилмаси хавф соляпти. Сув билан боғлиқ, газ, электр билан боғлиқ... Уйнинг номини айтмайман, замонамизнинг энг олди уч қаватли кўприкка етмасдан ўнг томондаги уйларнинг юқори қаватларига сув чиқмаяпти. Учинчи қаватдан юқорисига сув чиқмаяпти. Шу атрофдаги қурилишгача мавжуд бўлган уйларда эса сув босими пасайиб кетган. Яъни биз шу каби қурилишларни амалга оширишдан аввал инфратузилма дош берадими ёки йўқ — шуниям ҳисобга олишимиз керак. Дош берилишига оид синовлардан, у маъқулланганидан кейингина қурилиш амалга оширилиши лозим. Биз нафақат янги қурилаётган уйлар учун муаммо ясаяпмиз, мавжуд эски уйларга ҳам инфратузилма билан боғлиқ — электр энергия, сув таъминоти, канализация билан боғлиқ муаммоларни ҳам яратяпмиз. Транспорт эса иккинчи тўлқиндаги муаммолар», — дейди иқтисодчи Отабек Бакиров.
Шуҳрат Қурбонов эса муаммоларнинг аксарияти пойтахт бош режасининг йўқлиги сабаб юзага келаётганини таъкидлаган:
Ҳамма жойда бош режа деган нарса чиқади. Бош режа деганда кўпчиликнинг хаёлига харита келади — уйларнинг қаерга жойлашиши каби, аслида бош режа деганда инфратузилма ҳам шунинг ичида бўлади. Масалан, уйингизга режа қилсангиз, мебелнинг қаерда туриши, кабел ва газ қувурларининг қаердан ўтиши… Режа деганда у бир босқич бўлмайди, унинг қатламлари бўлади. Янги уйларнинг қаерга тушиши бу энг тепа қатлам, лекин унинг остида канализация, сув, электр энергия, интернет бор. Бир нарсани эътиборга олиш керак, масалан, 1990 йилларда қурилган уйларни ва унга ўрнатилган ўша вақтдаги трансформаторни олайлик. 90 йилда кондиционерлар, иситгичлар, компьютер, телевизор бунақа бўлмаган. Ҳозир битта хонадонда икки—учта телевизор бор, иложи бўлса ҳар бир хонага кондиционер қўйилган. Бу эса охир-оқибат трансформаторга бориб тақалади. Трансформатор режаланганда эса у йўқ эди. Бу ҳам етмагандек олдин ҳовли-жой турган ҳудуд бузилиб, унинг ўрнига кўп қаватли уйлар қуриляпти. Тошкентда ҳозир жуда оммалашди, иккита режани сотиб олади-да шахсий уй деб уч қаватли қуради, алоҳида кадастр қилиб, кўп қаватли турар жой сифатида сотади. Олдин бу хонадонда 1-2 оила яшаган бўлса, энди у ерда олтита оила яшаяпти…Отабек Бакиров шаҳарнинг бош режаси бу мамлакат учун Конституция каби эканлигини алоҳида қайд этган. Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг тараққиёти Конституциядан, унга амалга қилишдан бошланса, шаҳарнинг тараққиёти, ривожланиши, кенгайиши, аҳолининг турмуш даражасининг ошиши бош режага боғлиқ.Юнусободда трансформатор портлаши, ёниб кетиши ҳақида кўп эшитамиз. Бунинг сабаби нима? Чунки ўша эски симлар эски трансформаторга боради. Олдин одам соатига 1 кВт истеъмол қилган бўлса, ҳозир бу 100, 1000 кВт дан ошиб кетди.
Google Планет деган дастур бор, йиллари билан кўрсатиб беради. Ўшанда Тошкент қанақа ўзгарганини қараб кўрдим. Ҳақиқатан тепадан қарасангиз, Tashkent City’нинг жойи жуда ҳам чиройли. Энди унинг бизнес-ситига алоқасининг йўқлиги бу бутунлай бошқа масала. Бу чиройли боғ бўлган, атрофларига эса уй қуришган. Лекин Навоий кўчаси бўйлаб кўп қаватли уйлар қуриб ташланган, бошқа тарафдан эса янги бинолар қурилган. Энди савол: Электр энергияси нима бўляпти? Бу ерга алоҳида тортилдими? Қаерга уланади? Трубалар алоҳида тортиб келиндими? Бош режа йўқ, ҳеч ким кўрсатмаган ҳам, қўймаган ҳам. Эртага Бангладешни Дакка пойтахтига ўхшаб қолмаймизми?! У ерда одам кўплигидан шаҳар ичидаги кўл сассиқ кўлга айланиб қолган. Борганлар айтади, шаҳарда яшаб ҳам, дам олиб ҳам бўлмайди. Чунки одам кўп, ривожлантирилмаса шунақа аҳволга келиб қолади. Балки, бу нарса қилинаётгандир…
«Шу соҳанинг ичидан чиққан одамлар йиғлайвериб, энди гапирмай ҳам қўйди. Соҳанинг ҳақиқий одамлари ҳам ‘бош режа, бош режа’ деявериб, бу ҳақида гапирмай қўйди. Чунки бу масала тўғрисида гапириш ўз соҳасининг мутахассислари учун ҳам ҳавога сарфланган энергия сингари бўлиб қолди. 2016, 2017, 2018-19 йилларда гапирилди, 2020 йил тугаяпти. Ҳар йили бош режа ҳақида гап кетганида ‘тайёр бўляпти, 6 ой ичида муҳокамага қўямиз’ дейиляпти. Тошкент шаҳрида кенгайиш учун янги қурилишлар қуришга, сотишга умуман жой қолмагунича, бош режа тасдиқланмайди. Буни ҳамма тушуниб бўлди», — дейди Бакиров.
Аввалроқ Отабек Бакиров ва Шуҳрат Қурбонов Давлат харидлари порталида амалга оширилаётган харидлар ҳақида гапириб, ҳокимлар Trailblazer сотиб олиб, балки UzAuto’ни қўллаб-қувватлаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилганди.
Изоҳ (0)