21 ноябрь куни Ўзбекистон Оскар қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: «Ўзбеккино» миллий агентлиги матбуот хизмати

Унда қўмита раиси Фирдавс Абдухолиқов ҳамда қўмита аъзолари Зулфиқор Мусоқов, Матёқуб Матчонов, Баҳодир Одилов, Ҳамидулла Ҳасанов, Элжон Аббосов, Нигора Каримова, Жаҳонгир Аҳмедов, Манноп Қўчқоров, Азиз Арзиқулов, Умид Ҳамдамов, Бахтиёр Ёқубов, Фаррух Тўлаганов, Элдор Йўлдошев, Игор Пинхасов ҳамда продюсер ва қўмита координатори Ойбек Абдушукуровлар иштирок этди.

Ўзбекистон Оскар қўмитаси томонидан сайёрамизнинг нуфузли «Оскар» мукофотининг «Энг яхши халқаро бадиий фильм» номинациясига Ўзбекистон номидан «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан Fox music cinema студияси томонидан суратга олинган Ёлқин Тўйчиевнинг «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми танланди.

«Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмидан лавҳа.

Фото: «Ўзбеккино» миллий агентлиги матбуот хизмати

25 ноябргача картина фильм муаллифлари томонидан тегишли тартибда Ўзбекистон миллий кинокомиссиясига тақдим этилиши зарур.

«‘Фариданинг икки минг қўшиғи’ фильмида ўтган асрнинг бошларида Туркистонда юз берган сиёсий воқеаларнинг шу юрт аҳолисига кўрсатган таъсири бир оила мисолида очиб берилади. Юз бераётган воқеа-ҳодисаларга эътибор бермай, одамлардан нарида уч нафар хотини билан умргузаронлик қилаётган Комил тўртинчи бор уйланади. Янги аёлнинг оилага кириб келиши билан боғлиқ баъзи можаролар ва ҳудуддаги сиёсий аҳвол хонадоннинг пароканда бўлишига сабаб бўлади», — дейилади хабарда.

Сценарий муаллифи ва режиссёр Ёлқин Тўйчиев, постановкачи оператор Баҳодир Йўлдошев, постановкачи рассом Бектош Ражабов, фильм директори Шавкат Ризаев.

Ролларда Баҳром Матчонов, Юлдуз Ражабова, Элмира Раҳимжонова, Маржона Ўлжаева, Санобар Ҳақназарова, Нодира Ҳожиқулиева ва бошқалар.

93-Оскар тақдирлаш маросими 2021 йилнинг 25 апрель куни Лос-Анжелес шаҳрининг машҳур Dolby театрида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил баҳорида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ташаббуси билан Ўзбекистон Оскар қўмитаси ташкил қилинган эди.