Фарғона вилоятидаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари 2020 йил 19 ноябрь куни умуман фаолият кўрсатмаган. Бунга заправкалар фаолиятига киритилган чекловлар сабаб бўлими мумкин дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё»

Таъкидланишича, Фарғонадаги 117 та автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб тонг соат 06:00 дан кеч соат 18:00 гача ишлаш режимига ўтказилган.

Куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз равишда табиий газ билан таъминлаш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларига ҳар куни соат 18:00 дан тонгги соат 6:00 гача газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилган.

Қайд этилишича, сўнгги кунларда вилоятдаги газ заправкалар олдида навбатлар юзага келишни бошлаган. Айримларида эса кундузи ҳам газ етказиб беришда соатлаб узилишлар кузатилмоқда.

Ҳайдовчиларнинг маълум қилишича, турнақатор навбатлар туфайли автомобилга газ тўлдириш учун икки-уч соат, баъзида беш-олти соат вақт кетмоқда.

Фото: «Дарё»

«Дарё» мухбирининг қўшимча қилишича, 19 ноябрь куни вилоятдаги автомобилларга метан газ қуйиш шохобчалари умуман ишламаган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Тошкентдаги тадбиркорлар газ таъминоти органи ходимларидан 1 ноябрдан бошлаб газ узатилиши ўчириб қўйилиши тўғрисида огоҳлантириш олаётгани маълум бўлган. Энергетика вазирлиги табиий газдан фойдаланишига доир бу каби чекловларни «зарур чора» деб атаган. Кейинчалик Энергетика вазирлиги автомобилларга газ қуйиш компрессор шохобчаларига (АГҚКШ) газ етказиб бериш шартлари кўриб чиқилаётганлигини маълум қилган.