Аҳолини рўйхатга олиш 2021 йил 1—25 ноябрда синов тариқасида Андижон вилояти Хўжаобод тумани, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани, Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳри Яшнобод туманларида бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz» Адлия вазирлиги матбуот хизматига таяниб.
Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 11 ноябрь куни ҳукумат томонидан тасдиқланган. Ҳужжатга кўра, аҳолини тўлиқ рўйхатга олиш 2021 йилдан 2023 йилга кўчирилган.
1—25 ноябрь кунлари эса у қуйидаги тартибда ўтказилади:
- 1—5 ноябрда аҳоли интернет тармоғи орқали рўйхатга олинади;
- 6—10 ноябрда интернет орқали рўйхатга олинган респондентлар ва уларнинг уй манзиллари рўйхати шакллантирилади;
- 11—22 ноябрда аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари асосида уйма-уй юриб аҳоли рўйхатга олинади;
- 23—25 ноябрда ҳар бир участкадаги уй-жой манзилларининг 10 фоизи танланма равишда назорат кузатуви асосида ўрганилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 5 февралдаги фармонида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши белгиланган эди. 2020 йил 16 мартда «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Шавкат Мирзиёев июнь ойида миллий статистика соҳасини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказган ва Ўзбекистонда мустақиллик йилларида мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаганини таъкидланганди.
Изоҳ (0)