Инглиз тилининг Collins English Dictionary изоҳли луғати тузувчилари lockdown (локдаун) сўзини 2020 йил сўзи деб топди, деб хабар бермоқда Meduza.
Луғат тузувчилар ўз танловини йил сўзи номига яна бир номзод — coronavirus (коронавирус) сўзидан фойдаланиш 2020 йилда 35 000 марта ошган бўлса ҳам, одамлар ҳаётига касалликнинг ўзи эмас, унинг ижтимоий оқибатлари таъсир кўрсатгани билан изоҳлаган.
Луғатда «локдаун» сўзининг маъноси «жамоат жойларига бориш, саёҳат ва ижтимоий ҳаракатларга қатъий чеклов қўйиш» деб изоҳланган.
Қисқа рўйхатда, шунингдек, коронавирус пандемияси билан боғлиқ яна бешта сўз ўрин олган — coronavirus, social distancing (ижтимоий масофаланиш), self-isolate (ўзини яккалаш), furlough (мажбурий маош тўланадиган таътил) ва keyworkers (алмаштириб бўлмайдиган ходимлар)
Рўйхатдаги фақат тўртта сўзнинг коронавирусга алоқаси йўқ. Булар Megxit, tiktoker, mukbang ва BLМ (Black Lives Matter).
Эслатиб ўтамиз, Collins English Dictionary муаллифлари гуруҳи иқлим зарбаси (climate strike) бирикмасини 2019 йил сўзи деб топганди. Ушбу сўз бирикмасидан фойдаланиш швециялик 16 ёшли ўсмир Грета Тунбергнинг фаоллиги туфайли 100 баравар кўпайганди.
Изоҳ (0)