Америка сайловларини миридан сиригача муҳокама қилиб бўлдик, энди ўзимизнинг янгиликларга юзланамиз. Дайжестимиз, асосан, Соғлиқни сақлаш, молия ва солиқ мавзусида бўлади.
Ҳамиша диққат марказида бўлган хабарлардан бири Ўзбекистонда Хитойнинг COVID-19’га қарши вакцинаси синалишидир. Қизиқ, нега ўзбеклар устида тажриба ўтказишмоқда? Маълум бўлишича, бежиз эмас экан. Дарҳақиқат, 5 минг нафар ўзбекистонлик кўнгилли киши вакцинани ўз устида синаб беради. Агар синовлар муваффақиятли якунланса, Ўзбекистон вакцинани имтиёзли нархларда сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади ҳамда вакцина Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига Ўзбекистон орқали тарқатилиши назарда тутилган.
Агар кўнгиллилар орасида бирор кишида асоратлар ёки ножўя таъсир кузатилса, ўша кўнгилли шахс бепул даволанади. Шунингдек, кўнгиллилар иштироки учун пул маблағи берилиши ҳам мумкин. Вакцинанинг ножўя хавфли таъсирлари пайдо бўлганда, яъни 15 фоиз одамларда шу ҳолат кузатилса, зудлик билан зарур чора-тадбирлар кўрилади ҳамда ўрганиш бошланади. Лекин бу 30 фоизга етадиган бўлса, вакцина синовлари тўхтатилади. Бундан ташқари, мабодо бирор кўнгиллида жуда ҳам хавфли, ҳеч кимга аниқ бўлмаган ҳаттоки бир ҳолат кузатилса ҳам, вакцина синови тўхтатилиб, сабаблари ўрганилади.
Инновацион ривожланиш вазирининг айтишича, Ўзбекистонда Хитойникидан бошқа вакциналар ҳам синалади ва энг самаралиси танлаб олинади. Хўш, нега вакцина масаласида Соғлиқни сақлаш вазири эмас, Инновацион ривожланиш вазири жон куйдиряпти? Вазирнинг айтишича, вакцина инновацион технология бўлганлиги сабабли ИРВ бу ишни зиммасига олган. Беш минг кўнгилли кишининг тенг ярмигина ҳақиқий вакцина олади, бу плацебо усули дейилади.
Бу орада Соғлиқни сақлаш вазири ҳам алмаштирилди. Пандемиядек мураккаб даврда энг масъулиятли вазифада бўлган Алишер Шодмонов Тошкент тиббиёт академиясига ректорликка ўтди. Уч бора Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган Абдуҳаким Ҳожибоев вазир бўлди.
6 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев «Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимини тўлиқ ўзгартиришга бағишланган» видеоселектор ўтказди. Йиғилиш танқидий-таҳлилий руҳда кечди. Айтишларича, «энди вазирлик фаолиятига, унинг кадрлар масаласига ҳеч ким аралашмайди. Врач, касалхона, поликлиникалар бош шифокорлари ёки бошқа тиббиёт ходимлари бирорта қўшимча ишга жалб қилинмайди. Президент ва бош вазирдан бошқа бирорта раҳбар вазир ва унинг ўринбосарларини йиғилишларга чақириши тақиқланади. Бу талаб жойларда ҳокимларга ҳам тегишли», экан.
* * *
Молия вазирлиги 2020 йил 1 октябрь ҳолати бўйича тарқатган маълумотга кўра, мамлакатдаги расмий ишчиларнинг салкам 43 фоизи 1 миллион сўмгача ойлик оладиган ходимлардир. Расмий ишловчилар сони апрелда 3 миллион 748 мингдан кўпроқни, май ойида 4 миллион 161 мингдан ортиқни ташкил қилган. Февраль ойида 4 миллион 249 минг киши эди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги таҳлилларига кўра, 2020 йилнинг январь–июнь ойларида иқтисодиёт тармоқларининг расмий секторида банд бўлган аҳоли сони 5,5 миллион кишини ташкил қилган, деб ёзади «Davletov.uz».
Демак, Ўзбекистондаги расмий ишчи-хизматчиларнинг қарийб ярми бир ойда юз доллар ҳам маош олмайди. Хўш, унда камбағаллик даражаси қанақа? Бу саволга жавобни шу ҳафтадаёқ Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов берди. «Kun.uz»га берган интервьюсида у камбағаллик ва уни аниқлаш мезонларига тўхталиб ўтиб, жаҳон банки маълумотига таянган ҳолда кунлик 3,2 доллар/5 600 сўм даромадга эга шахс камбағал эмаслигини билдирган.
Бу эса ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди, ҳатто унинг карикатуралари ишланиши, турли учар иборалар яралишига туртки берди. «Дарё» мухбири Миролим Исажоновнинг хабар қилишича, 5 ноябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Обид Ҳакимов 3,2 доллар қандай қилиб 5 600 сўмга айланганини тўлов қобилияти паритети билан изоҳлади. Бу АҚШда 3,2 долларга сотиб олиш мумкин бўлган маҳсулотларни Ўзбекистонда 5 600 сўмга харид қилиш имкониятини билдиради ва бу қиймат мингдан ортиқ маҳсулотлар асосида ҳисобланади. Шунингдек, Обид Ҳакимов бу мустақил бўлганимиздан бери тақиқланган мавзу бўлганини ҳам тилга олди, журналист ва блогерларни шов-шувга берилмасликка чақирди.
Шундай бўлса-да, турли-туман солиқлар пайдо бўлаётгани шов-шувга берилмасликка имкон қолдирмаяпти. Жумладан, электрли кичик транспортларнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши ҳақидаги хабар. Ҳа, энди электродвигателининг қуввати 4 киловатт ва ундан ортиқ ёки соатига 40 километр ва ундан юқори тезликка эга бўлган электромобиллар (электромотоцикллар, электроскутерлар ва бошқалар) ҳам давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу ҳақда 5 ноябрь куни эълон қилинди. Рўйхатдан ўтказилса, уёғи солиққа тортишга бир қадам. Тўғри, бу ҳали айтилгани йўқ.
Шунингдек, бензин, дизель ёқилғиси, суюлтирилган ва сиқилган газни охирги истеъмолчиларга реализация қилишда ёқилғи бирлиги учун махсус йиғим жорий қилиниши режалаштирилмоқда. Бу миқдор ёнилғи нархига қўшиб юборилади. Шуниси «таскин берадики», мазкур йиғим тури 2019 йил 1 январга қадар ҳам амалда бўлган. Ўшанда бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ўрнига охирги истеъмолчига бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилаётганда ундириладиган акциз солиғи жорий этилган эди.
Навбатдаги солиқ меҳнат муҳожирларига қаратилган. «2021 йилнинг 1 январидан бошлаб меҳнат мигрантлари ўз-ўзини банд қилган фуқаролар сифатида рўйхатга олинади ва белгиланган тартибда солиқ тўлайди», деб ёзди кеча «Qalampir.uz» сайти. Аммо бугун изоҳ берилишича, бу мажбурий эмас, ихтиёрий бўлади. Қолаверса, меҳнат муҳожири келажакда иш стажи бўйича пенсия олмоқчи бўлса-ю, иш стажига қанчадир йил етмаса, бу нормадан фойдаланиши мумкин. Масалан, меҳнат мигранти Ўзбекистонда бир муддат расман ишлаган, лекин кейинчалик Россияга кетиб, тирикчилик қилмоқда. Ўша одам эртага пенсияга чиқаётган пайти етмаётган иш стажи йилларини шу йўл билан қоплаб олиши мумкин бўлади. Қисқаси, хавотирга ўрин йўқ.
Ҳозирча, йиққанимизни баҳам кўрдик. «Дарё»да қолинг. Вакцинага етишгунимизгача омон бўлинг.
Изоҳ (0)