«Тоттенҳэм» собиқ бош мураббийи Маурисио Почеттино «Манчестер Юнайтед»да иш бошлаш учун икки бор «Барселона» таклифини рад этган, дея хабар қилмоқда Daily Star.
Манбага кўра, каталонлар икки марта аргентиналик мутахассисга жамоа бош мураббийлигини таклиф қилган, бироқ Почеттино уларга рад жавобини берган.
Аввалроқ 48 ёшли мутахассис «Манчестер Юнайтед»да Оле-Гуннар Сульшернинг ўринини эгаллаши мумкин бўлган даъвогарлар рўйхатида экани хабар қилинганди. Маурисио 2019 йилнинг декабридан бери манкунианлар устозига айланиш мақсадида экани ва бу қарори ҳали ҳам ўзгармагани айтилганди.
Почеттино 2014—2019 йиллар мобайнида «Тоттенҳэм»да ишлаган. Ундан аввал «Саутҳэмптон» ва «Эспаньол» жамоаларида фаолият юритган. У «шпорлар» билан Чемпионлар Лигаси ва Англия Лига Кубоги финалларига қадар етиб борган, бироқ бирорта ҳам соврин юта олмаган.
Мутахассис Каталониянинг бошқа жамоаси «Эспаньол»да ишлаб юрган вақтида ҳеч қачон «Барселона» устозига айланмаслигини маълум қилганди. Айни вақтда каталон клубини Рональд Куман бошқариб бормоқда.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)