Канада кейинги уч йил давомида 1,2 миллиондан кўпроқ муҳожирни қабул қилади. Бу ҳақда мамлакат иммиграция вазири Марко Мендичинога таяниб, «Knopka.cа» хабар берди.
2021 йилда Канада — 401 минг, 2022 йилда — 411 минг, 2023 йилда эса 421 минг муҳожирни қабул қилади.
Мендичинонинг маълум қилишича, иммиграция коронавирус сабаб юзага келган инқироз оқибатларини бартараф этиш учун зарур. Канада бирданига 400 мингдан ортиқ муҳожирни 1913 йилда қабул қилган. Кейинги уч йил давомида Канада фуқаролари ёки доимий истиқомат қилувчиларнинг қариндошлари бўлган иқтисодий муҳожирлар ва қочоқларни қабул қилади.
2020 йилда ҳукумат 341 минг муҳожирни қабул қилиш ниятида эди. Август ҳолатига кўра, Канадага 128 минг киши кўчиб ўтган. Мандичинонинг сўзларига кўра, ҳукумат муҳожирларнинг Канадада яшашини таъминловчи рухсатни бериш жараёнини тезлаштиришни кўриб чиқади.
Маълумот учун, Канададаги бизнесларнинг 33 фоизига муҳожирлар эгалик қилади, шунингдек, жамоат соғлиғини сақлаш соҳаси ходимларининг 25 фоизи ҳам муҳожирлар.
Квебек ҳукумати 27 октябрь куни учта янги иммиграцион дастур ишга туширилганини маълум қилган. Дастурлар соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат саноати ҳамда ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳасидаги мутахассис ва ишчиларни жалб этиш ва уларни олиб қолишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойида президент Дональд Трамп АҚШга келувчи мигрантлар оқимини тўхтатиш ҳақидаги қарорни имзолаган эди. Унинг сўзларига кўра, бу мамлакат иқтисодиёти ўсишни бошлаганида жамиятнинг барча қатламларидаги ишсиз америкаликлар биринчи бўлиб бўш иш ўрнига даъвогарлик қилишини кафолатлайди.
Изоҳ (0)