Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридан карантин қоидаларини бузган фуқаро унга танбеҳ бераётган ИИБ ходимига қўл кўтарди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура.
Қайд этилишича, 2020 йил 30 октябрь куни соат 23:00 да Чирчиқ шаҳри Алишер Навоий кўчасида Миллий гвардия ҳамда ИИБ ходимлари тунги хизмат вақтида маст ҳолатда карантин қоидаларини бузиб, тиббий ниқобсиз турган фуқаро Н.С.га дуч келган.
Ходимлар қонунбузар фуқарога карантин талабларини эслатиб танбеҳ беришганида Н.С. фаол қаршилик кўрсатган ҳолда ўнг тирсаги билан ИИБ ходими С.А.нинг юз қисмига бир марта уриб, тан жароҳати етказган ҳамда хизмат вазифасини бажаришга тўсқинлик қилган.
Ҳолат юзасидан 31 октябрь куни шаҳар прокуратураси томонидан фуқаро Н.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилини қандай шаклда бўлмасин, ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Наманганда ИИБ ходими ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган фуқарога тан жароҳати етказгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)