Агар тўқнашувлар тўғридан-тўғри Арманистон ҳудудига ўтказилса, Россия расмий Ереванга ёрдам беради. Бу ҳақда 31 октябрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг Россия президенти Владимир Путинга қилган мурожаати муносабати билан маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».

Фото: Regnum

«Шартномага мувофиқ, тўқнашувлар тўғридан-тўғри Арманистон ҳудудига ўтказилса, Россия Ереванга барча керакли ёрдамларни тақдим этади», – дейилади вазирлик хабарида.

Шу билан бирга, Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Арманистонга нисбатан иттифоқчилик мажбуриятларига, шу жумладан, икки томонлама дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятларга содиқлигини тасдиқлади.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян 30 октябрь куни Қорабоғга Россия тинчликпарварлари киритилишини ёқлаб чиққан эди. Шунингдек, Пашинян Россия президенти Владимир Путинга мурожаат қилиб, хавфсизликни таъминлашда ёрдам кўрсатиш бўйича консультация бошлашни илтимос қилган.

Эслатиб ўтамиз, Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар тинчликка эришиш учун қилинган учта уринишга қарамасдан, 27 сентябрдан буён давом этмоқда.