Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Кореянинг Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) 23 октябрь куни Сирдарё вилоятининг эҳтиёжманд аҳолисини қўллаб-қувватлаш дастурини амалга ошириш тўғрисида меморандум имзолади. Дастурнинг умумий бюджети 500 минг долларни ташкил қилади, деб хабар бермоқда агентлик матбуот хизматига таяниб «Gazeta.uz».
Вилоятнинг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида маҳаллалар аҳолисини касб-ҳунарга ўргатиш учун учта муассаса ташкил этилади. Ушбу муассасаларда мутахассис ва психологлар аҳолининг эҳтиёжманд қатлами муаммоларини ўрганади ҳамда уларга бепул ёрдам беради.
Бундан ташқари, табиий офатдан зарар кўрган 300 киши компьютер саводхонлиги ва ошпазлик курсларида ўқитилади.
Республика ижтимоий ахборот марказининг Истиқболли авлод минтақавий филиали лойиҳани биргаликда амалга ошириш учун танлаб олинди. Улар марказ билан биргаликда дастурнинг иккинчи компоненти – 10 мингта антисептик воситаларини аҳолига етказиб бериш, маҳалла ходимларининг малакасини ошириш ва аҳоли билан ижтимоий ишларни олиб бориш бўйича тренинглар ташкил этилишини таъминлайди.
Мавзуга доир:
- Меҳнат вазирлиги Самарқанд вилояти ҳокимининг аёлларни оқсочликка ўқитиш ҳақидаги фикрига муносабат билдирди
- Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари»ни шакллантириш бўйича вазифаларни белгилаб берди
- Тошлоқ ва Олот туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури қабул қилинди
Изоҳ (0)