Mobiuz ва Perfectum алоқа операторлари босқичма-босқич хусусийлаштирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида сўз боради, деб хабар беради Spot.

Фото: Mobiuz

Ҳозирда давлатнинг биринчи операторидаги улуши 100 фоизни, иккинчисида эса — 65 фоизни ташкил этмоқда. Уларнинг иккиси ҳам хусусийлаштиришдан олдинги мақсадли тайёргарлик ва инвестиция жозибадорлиги дастурлари орқали оммавий кимошди савдосига қўйиладиган активлар рўйхатига киритилган.

Фармонда кўрсатилишича, мазкур ва бошқа компанияларда давлат улушининг сақлаб қолиниши илғор технологияларни жорий этиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, хусусий капитални жалб этган ҳолда янги иш ўринларини яратишга халақит бермоқда.

Бошқа бир давлат оператори — Ucell эса корпоратив бошқарув ва молиявий аудит жорий этилаётган, операцион самарадорлиги оширилаётган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхатига киритилган.

Mobiuz 2004 йилдан 2013 йилга қадар МТC номи остидаги хусусий компания эди. 2014 йилда давлат улуши 49,9 фоизга тенг UMS ташкил этилган, 2016 йилда эса давлат улуши 100 фоизга етган. 2019 йилги ребрендингдан сўнг оператор ҳозирги номига эга бўлган.