Тошкент шаҳрида Швейцария компанияси билан ҳамкорликда 2017 йилда ишга туширилган кузатув камераларининг лицензияси тугади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти раҳбари ўринбосари Алексей Хен маълум қилди.
Алексей Хеннинг сўзларига кўра, пойтахтнинг 114 та чорраҳаси ва бошқа объектларига ўрнатилган кузатув камераларининг лицензияси тугагани сабаб улар қайта ишлаши учун эндиликда маҳаллий Абл-софт компанияси томонидан ишлаб чиқилган дастурдан фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
«Мазкур компания ўз ечимини 2017 йили Ўзбекистон Президентининг Мирзо Улуғбек инновацион марказига ташрифи давомида тақдим этганди. Улар тезликни ва рақамларни аниқлайдиган AutoCon радарлар тизимини яратган бўлиб, ҳозирда у бутун республикага жорий этилмоқда», — дейди Рақамли ривожланиш департаменти раҳбари ўринбосари.
Таклифга кўра, 1,1 миллиард сўмга мазкур тизим харид қилинади. Амалдорнинг айтишича, бу пулни икки ойда қоплаш мумкин бўлади. Чунки битта комплекс ойига тахминан 300 миллион сўмлик қоидабузарликни қайд этади.
Изоҳ (0)