Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкентдаги Сайилгоҳ кўчасида жойлашган собиқ марказий биноси ҳудуди хусусий секторга сотилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида сўз боради, деб хабар беради Spot.
Гап халқ тилида «Бродвей» деб аталувчи пойтахт марказида жойлашган бино ҳақида кетмоқда. У хусусий секторга сотиладиган давлатга тегишли кўчмас мулк объектлари рўйхатига киритилган. Ҳозирда умумий майдони 20 219 квадрат метрга тенг объект Давлат активларини бошқариш агентлиги балансида турибди.
Бундан ташқари, Бухоро ва Нуронийлар кўчаси кесишмасида жойлашган «Газетний корпус» биносининг бир қисми (19,1 минг квадрат метр) ҳамда Тошкент марказида жойлашган Свердлов номидаги собиқ театр хусусийлаштирилади.
Аввалроқ Тошкентнинг Амир Темур хиёбони, Бухоро ва Нуронийлар кўчалари оралиғида жойлашган газеталар ишлаб чиқариш мажмуаси биноси қисми ҳамда Бухоро кўчаси, 10-уй манзилидаги собиқ Свердлов номидаги концерт зали (биржа биноси) асосий фаолият тури макарон маҳсулотлари ва шунга ўхшаш унли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўлган Forsa Barsa компаниясига танловсиз, тўғридан-тўғри нол қийматда тақдим этилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Кейинроқ давлат активларини бошқариш агентлиги бу хабарлар асоссиз эканлигини маълум қилган.
Изоҳ (0)