Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Халқ депутатлари Бухоро вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва маҳаллий бозорлардаги нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалалари муҳокама қилинган. Сессияда Халқ демократик партиясининг вилоят кенгаши раиси, депутат Зулфия Тўйева депутатлар бозорларга тушиб, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи билан қизиқмаганини маълум қилган. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.

Фото: «Дарё»

Сессияда сўз олган вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Шаҳриёров озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозордаги нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берган.

Таъкидлашича, Бухорода аҳолининг гўшт, картошка, гуруч, ун, шакар, тухум ва ўсимлик ёғига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, бозорларда нархлар барқарорлигини сақлаш учун 2021 йилнинг май ойига қадар 27,9 минг тонна гўшт маҳсулоти, 14 минг тонна парранда гўшти, 7 минг тонна балиқ, 51,2 минг тонна картошка, 9,3 минг тонна гуруч, 75,6 минг тонна ун, 10,5 минг тонна шакар, 201,3 миллион дона тухум, 9,3 минг тонна ўсимлик ёғи, 7 минг тонна пиёз ва 18,9 минг тонна сабзи маҳсулотлари керак бўлади.

Айтилишича, вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг сунъий оширилишини ўрганувчи ишчи гуруҳлар ҳам ташкил этилган.

Зулфия Тўйева.

Зулфия Тўйева.
Фото: «Дарё»

Депутат Зулфия Тўйева озиқ-овқат нархларининг сунъий ошишига депутатларнинг ҳам айби борлигини айтиб, депутатлар назоратни аввало қишлоқлардан бошлаши кераклигини таъкидлаган.

«Шу ерда ўтирган депутатлар, ўзимиз бирор марта бозорга бориб, маҳсулотлар нархининг сунъий оширилаётгани билан қизиқдикми? Ёки тадбиркордан маҳсулотини қаердан олиб келаётганини-чи, сўрадикми? Бу бизнинг асосий ишимиз-ку. Нега биз юқоридан ниманидир кутишимиз керак, нега маҳаллий кенгаш сессияларида, ўзимиз сайланган ҳудудларда шу ишларни амалга оширмаяпмиз? Қачонгача бизга сессияда топшириқ берилади-ю, биз у топшириқларни бажарамиз? Ҳар биримиз ўз ишимизни одилона бажарсак, муаммолар бу қадар чигаллашиб кетмайди-ку. Қолаверса, қишлоқларда томорқаларнинг гектар-гектар майдонларида жўхори, беда экилиб, жой эгалланган. Унда озиқ-овқат маҳсулотларини қаерда етиштирамиз? Аҳолидан нега шолғом, картошкасини сўрамаймиз? Нега сабзи экмадингиз деб сўрамаймиз? Бундан ташқари, ўтган сессияларда ҳар битта туманда биттадан музлаткич камералар ташкил қилишни келишиб олгандик. Аммо ўзгариш йўқ», — деган депутат Зулфия Тўйева.

Депутатнинг ушбу муносабати ОАВ вакилларида қўшимча савол туғилишига сабаб бўлган.

Лайло Ҳайитова.

Лайло Ҳайитова.
Фото: «Дарё»

«Дарё» мухбири аҳоли томорқаларида жўхори, беда экилишининг ҳам сабаби борлигини айтиб, одамлар чорвасини боқиш учун ем-хашак етиштиришга эътибор қаратаётганини, ем-хашак эса чорва учун зарурлигини билдириб, «гўшт нархи тушиши учун аввало, мана шу масалаларга эътибор қаратиш лозим эмасми?», дея савол берган.

Бухоро ҳокими ўринбосари Ботир Шаҳриёров саволга жавоб берар экан, охирги уч-тўрт йилда гўшт истеъмолини мумкин қадар камайтириб, унинг ўрнини босувчи — товуқ, балиқ ва қуён етиштириш бўйича алоҳида лойиҳалар амалга оширилаётганини айтган. Бироқ чорва учун ем-хашакни арзонлаштириш борасида қандай чора кўрилаётганига аниқ жавоб бермаган.

Ботир Шаҳриёров.

Ботир Шаҳриёров.
Фото: «Дарё»

Таъкидланишича, вилоятда 17 та озиқ-овқат улгуржи таъминоти компанияси мавжуд. Улар маҳсулотларини вилоятга тўғридан-тўғри, воситачиларсиз олиб кириб, омборхона ва музлаткич камераларида озиқ-овқат захираларини яратган.

Сессияда, шунингдек, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Шерзод Ашуров ўсимлик ёғи нархи ошганининг асосий сабаблари ва уни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар хусусида тўхталган бўлса, ИИБ бошлиғи Шуҳрат Алиев 2020 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берган.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Маҳаллий
Хоразмда икки киши ис газидан вафот этди
Маҳаллий
Виртуал карталар нима ва улардан қандай қилиб тўғри фойдаланиш мумкин?
Дунё
Twitter офисида ходимлар учун каравотлар пайдо бўлди, Илон Маск аввалроқ меъёридан ортиқча иш бўлиши ҳақида огоҳлантирганди