Миллий гвардия ходимлари Тошкентда Анҳор каналига ўзини ташлаган 33 ёшли аёлни қутқариб қолди. Бу ҳақда Миллий гвардия ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, Шайхонтоҳур тумани Анҳорбўйи кўчаси бўйлаб жамоат тартибини сақлаш бўйича хизмат вазифасини ўтаётган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси сержант А.Муродов 20 октябрь куни тахминан соат 14:00 ларда ушбу йўналишдаги Анҳор каналига ўзини ташлаган аёлнинг ҳаётини сақлаб қолган.
Дастлабки суриштирув жараёнида қутқарилган фуқаро Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшовчи 1987 йилда Бухоро вилоятида туғилган Ш.Н. бўлиб чиқди. У оилавий муаммолари борлиги сабаб ўз жонига қасд қилишга урингани аниқланди.
Шайхонтоҳур тумани ички ишлар ходимлари томонидан мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади Миллий гвардия хабарида.
2019 йил 19 октябрда ҳам Анҳор каналига ўзини ташлашга уринган 39 ёшли аёл Миллий гвардия ходимлари томонидан қутқариб қолинганди. Шунингдек, 2020 йил январь ойида ИИББ патруль-пост хизмати ходими Бўзсув каналига тушиб кетган аёлни қутқаргани, апрелда эса Тошкентда Қичқириқ каналида чўкаётган аёлнинг ҳаёти сақлаб қолингани хабар қилинган.
Изоҳ (0)