Футбол бўйича Осиё Чемпионлар Лигаси финали 19 декабрь куни Қатарда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) маълум қилди.
Аввалроқ Қатарда мусобақанинг ғарб минтақаси клублари иштирокидаги ўйинлар бўлиб ўтган ва унда Эроннинг «Персеполис» жамоаси финал йўлланмасига эга чиққанди. Кейинчалик шарқ минтақасидаги ўйинлар ҳам Қатарда ўтиши белгиланди. Эндиликда Қатар 18 ноябрдан 13 декабрга қадар шарқ минтақасидаги ўйинларга ва мусобақа финалига мезбонлик қилади.
Аслида финал ғарб минтақасида ғолиб чиққан жамоа майдонида ўтиши белгиланганди. Бироқ ОФК Эрондаги эпидемиологик вазиятни қониқарсиз деб топган. Шунингдек, бир ўйинлик финалда қайсидир жамоага қўшимча устунлик берадиган жиҳатлар ҳам инобатга олиниб, ушбу қарордан воз кечилган.
Эслатиб ўтамиз, «Пахтакор» Доҳада бўлиб ўтган мусобақа чорак финалига қадар етиб борди ва у ерда «Персеполис»га мағлуб бўлиб (0:2), ўз юришини тўхтатди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)