Британиядаги болалар кийимлари савдоси билан шуғулланувчи онлайн дўкон Instagram саҳифасидан энг кўп даромад олувчи энг ёш юлдузлар рўйхатини тузди. Аниқроғи, ота-оналар ўз фарзандининг ҳисоб рақамини бошқаради, ҳомийлик ва етакчи брендлар билан ҳамкорликдан миллионлаб доллар маблағни қўлга киритади.

Эверли Роуз Соутас ЛаБрант – 5 миллион обуначига эга

Рўйхатнинг юқори поғонасида Лос-Анжелеснинг етти ёшли фуқароси – кўк кўзли Эверли Роуз Соутас ЛаБрант туради. Унинг шахсий саҳифасида 5 миллиондан ортиқ обуначи бор, шунингдек, Эверлининг YouTube канали ҳам бор.

Қизининг аккаунтини мода-блогер ва сураткаш онаси Саванна ЛаБрант юритади. Эверли битта реклама постидан 10 199 дан 16 867 долларгача пул топади. Шунингдек, унинг саҳифасидаги ҳар бир хабар ўртача 590 мингдан ортиқ лайк тўплайди.

Эверлининг бир ёшли Пози Рейн ЛаБрант исмли синглиси бор. У тез-тез опасининг саҳифасида кўриниш беради, аммо Позининг ўзи ҳам Instagram фойдаланувчисига айланган. У аллақачон 1,7 миллион обуначига эга. Одатда Эверли ва Пози бир хил либосда суратга тушади. Бундан ташқари, Эверлининг саҳифасига унинг рақс видеолари жойлана бошланди. 2020 йилнинг август ойида уларнинг оиласида Зиланд исмли ўғил дунёга келди ва у ҳозирча Instagram’да 518 минг обуначига эга бўлди.

Элл Лайвли МакБрум – 5 миллион обуначига эга

Рўйхатнинг иккинчи ўрнини эса канадалик актриса Кетрин Пайс ва америкалик баскетболчи Остин МакБрумнинг 4 ёшли қизи Элл Лайвли МакБрум эгаллади. Эллнинг саҳифаси 5 миллион обуначига эга ва ҳар бир пост ўртача 1 миллион лайк тўплайди ҳамда 10 000 дан 16 666 долларгача даромад келтиради.

ЛаБрант оиласининг бошқа аъзолари ҳам Instagram саҳифасига эга. Эллнинг саҳифасидаги бир ёшли синглиси Алайя ушбу рўйхатнинг 5-ўрнини эгаллаб турибди, шунингдек, уч ойлик укаси Стилнинг аллақачон миллиондан ортиқ кузатувчиси бор.

Кичкинтой Элл синглиси ва укаси билан суратга тушиш ҳамда ота-онасига тегишли бўлган ичимлик брендини реклама қилишдан ташқари, худди Эверли каби ўз рақсларининг видеосини жойлашни бошлади. Эллнинг яқинда пушти мўйнали кийимда қора кўзойнак тақиб, ҳаворанг Rolls-Royce’дан сакраб тушгани ва ажойиб рақси акс этган видеоси 3,5 миллиондан ортиқ кузатувчилар томонидан томоша қилинган.

Стофферлар оиласи – 3,5 миллион обуначига эга

Аризона штатидан келган беш ёшли Instagram юлдузлари — эгизак опа-сингиллар Эмма ва Миланинг онаси Кети Стофферда 3,5 миллион обуначи мавжуд. Кетининг улардан ташқари учта катта − Кейтлин, Чарльз ва Финн исмли фарзандлари бўлиб, кичик қизи туғилишидан бир неча йил олдин Instagram’даги саҳифасини юритишни бошлаган, аммо у ҳозиргидек машҳурликка эришмаган.

Бироқ Эмма ва Мила туғилиши биланоқ Кетининг Instagram’и яшин тезлигида «учиб кетди». Қизалоқлар нафақат мафтункор қиёфаси, сертабассум юзи, турли хил ҳолати билан, балки жиддий мавзуларни бир-бири билан муҳокама қилган кулгили видеолари сабабли машҳурликка эришди.

Эмма ва Мила иштирокидаги ҳар бир пост ўртача 64 мингдан ортиқ лайк тўплайди, агар хабарларни реклама қилаётган бўлса, қизлар ота-онасига 7081 дан 11 803 долларгача даромад келтиради. Яқинда Стофферлар оиласи АҚШнинг машҳур Walmart тармоғи билан ўз кийим-кечаклар савдосини йўлга қўйди.

Тейтум ва Оукли Фишер – 3 миллион обуначига эга

Лос-Анжелесда туғилган тўрт ёшли эгизак опа-сингиллар Тейтум ва Оуклининг ота-онаси YouTube юлдузи саналган Медисон Бонтемпо ва Кайлер Фишернинг изидан борди. Қизалоқларнинг Instagram саҳифасини 3 миллиондан ортиқ одам кузатади ва ҳар бир жойлаштирилган хабар 187 мингдан ортиқ лайк тўплайди. Шунингдек, реклама постлари 6 213 дан 10 356 долларгача даромад келтиради.

Тейтум ва Оуклининг саҳифаси фаришталардек табассум қилган қизалоқларнинг турли бренддаги болалар кийимини кийиб тушган суратлар билан тўла. Яна бир ёшли қизи бор Медисон ва Кайлер оилавий YouTube каналини бошқаради ва бу ҳам уларга яхши даромад келтиради.

2020 йилнинг август ойида Фишерлар оиласида ўғил туғилди. Оливер Ретт Фишер исмли чақалоқнинг Instagram’даги саҳифасида аллақачон 14 минг кузатувчиси бор.

Алайя Мари МакБрум – 2,8 миллион обуначига эга

Бир ёшли Алайя опаси Элл МакБрумдан ортда қолмайди – унинг саҳифасида 2,8 миллион обуначи бор. Ҳар бир пост 722 минг лайк тўплайди ва улар қизалоққа 5 612 дан 9 353 долларгача даромад келтиради. Алайянинг саҳифаси у туғилганига икки ҳафта бўлганида очилган.

Ава ва Леа Клементс – 1,8 миллион обуначига эга

Лос-Анжелесда истиқомат қилувчи тўққиз ёшли Ава ва Леа дунёдаги энг чиройли эгизак опа-сингиллар дея эътироф этилади. Уларнинг ота-онаси Жек ва Кевин юритадиган саҳифа 1,8 миллион обуначига эга. Жек эгизаклари 6 ойлик бўлганида уларни модель қилмоқчи эди, аммо бу иш ўхшамади.

Бироқ Instagram’да бунинг уддасидан чиқди. Эгизаклар етти ёшга тўлган кунида у қизлар учун Instagram’да саҳифа яратди ва улар жуда тез муваффақиятли моделларга айланди. Ҳозирда қизалоқлар билан дунёнинг етакчи бренд ва реклама компаниялари шартнома тузади. Улар ҳар бир реклама постидан 3 558 дан 5 929 долларгача даромад олади.