29 сентябрь куни Нью-Йорк фонд биржасида Америка разведкаси учун софт етказиб берувчи ҳамда замонамизнинг энг сирли IT-компанияси деб аташ жоиз бўлган Palantir Technologies компанияси ўз акцияларини жойлаштирди, деб ёзади Meduza. Palantir’нинг ишланмалари ҳақида кўплаб афсоналар юради — айнан унинг дастурий таъминоти ёрдамида АҚШ махсус хизматлари 2011 йилда «биринчи рақамли террорчи» Усама бин Ладенни топишга ва йўқ қилишга муваффақ бўлган деб ҳисоблашади. Биржага жойлаштириш якунларига кўра, компания 21 миллиард долларга баҳоланди.
«PayPal мафияси» — АҚШ хавфсизлиги соқчиси
Palantir асосчиси Питер Тил — АҚШдаги энг машҳур инвесторлардан ва IT-тадбиркорлардан бири. Унинг биринчи катта муваффақияти 1999 йилда PayPal тўлов сервисининг яратилиши бўлган эди. Ғоя дастлаб онлайн-тўловлар учун ҳимояланган «рақамли ҳамён» ишлаб чиқишдан иборат бўлган, аммо аслида гап қоғоз чеклар ва банк ўтказмаларининг муқобили ҳақида борган.PayPal 2000 йилда юз берган доткомларнинг барбод бўлишидан бир йил аввал ишга туширилган, ўшанда АҚШда юзлаб интернет-компаниялар банкротликка учраган. Аммо омон қолганлари, аксинча, ўзига кўп эътибор тортиб, ишонч қозона бошлади. Ушбу даврдан муваффақиятли ўта олган PayPal шиддат билан ривожланди ва 2002 йил февралидаёқ IPO ўтказди, ярим йилдан кейин эса eBay томонидан ўша пайт учун жуда катта ҳисобланган 1,5 миллиард долларга сотиб олинди. Тилга тегишли бўлган 3,7% акциялар унга 55 миллион доллар келтирди.
PayPal’нинг кўпчилик ходимлари eBay’да узоқ қолмади — кейинги тўрт йил ичида улар аста-секинлик билан компанияни тарк этиб, янги стартапларни яратишга киришди. LinkesIn, YouTube, Yelp, Slide, Tesla, SpaceX — буларнинг барчаси PayPal’дан чиққанларнинг ижод маҳсули, уларни Кремний водийсида «PayPal мафияси», Питер Тилни эса унинг «дон»и деб атай бошлашди.
Palantir Technologies’ни Тил PayPal муваффақиятли сотилганидан кейин бир йил ўтиб, 2003 йилда яратди. Қайсидир маънода бу компания PayPal’нинг давоми бўлди: Тилнинг ғояси PayPal’нинг ишланмаларидан фирибгарликка қарши «бошқа контекстларда, масалан, терроризмга қарши кураш учун» фойдаланишдан иборат эди. Ўз интервьюларида Питер Тил кўп марта таъкидлаганидек, 2001 йил 11 сентябрда АҚШда юз берган террорчилик ҳужумларидан кейин хавфсизлик, фуқаролар эркинлиги ва улар ўртасидаги мувозанатни сақлаш имкониятлари масалалари фаол муҳокама қилинган.
Тил ҳукумат органларига ва разведка хизматларига одамларнинг шахсий ҳаётига бостириб киришни камайтирган ҳолда, хавфсизлик билан боғлиқ ахборотни қўлга киритиш имкониятини берувчи воситани ишлаб чиқишни хоҳларди. Гап хавф туғилаётганини — жиноят ёки терактни амалга оширишга тайёргарликни кўрсатадиган яққол бўлмаган қонуниятларни қидириш мақсадида, максимал миқдордаги мавжуд манбалардан тўпланган ўта катта маълумотлар тўпламларини таҳлил қилиш ҳақида борарди. Бугунги кунда бу «катта маълумотлар»ни таҳлил қилиш деб аталади ва бунинг учун кўплаб дастурий-аппарат ишланмалар бор, аммо 2000 йиллар бошида вазият бошқача эди.
Palantir деган номнинг ўзи ёзувчи Ж.Р.Р. Толкинга бориб тақалади: унинг афсонавий дунёсида «кўзли тошлар», шундай аталади, улар ёрдамида ҳозирги ёки ўтган замонда бошқа жойда юз бераётган ҳодисаларни кузатиш, шунингдек, узоқда бўлган одам билан (унда ҳам палантир бўлса) гаплашиш ҳам мумкин. Тил Толкин асарларини севиб ўқиши аниқ: 2012 йилда у Valar Ventures деган инвестфонд яратган бўлиб, бу ном ҳам Толкин оламига тааллуқли.
Palantir дастурий ўзагини яратишни Стенфорд талабаси Стивен Коэнга топширган бўлса, бош директор лавозимига Стенфорд ҳуқуқ мактабидаги курсдоши Александр Карпни таклиф қилди. Ҳозирда Palantir’нинг асосий акциядорлари — шу уч киши. Компанияга биринчи бўлиб четдан инвестиция киритган ташкилот — Марказий разведка бошқармасининг инвестициявий бўлинмаси — In-Q-Tel бўлди.
Компания меҳнатининг самараси давлат органлари учун Palantir Gotham ва тижорат компаниялари учун Palantir Foundry дастурий маҳсулотлари бўлди. Gotham кўплаб маълумотлардаги яширин алоқаларни аниқлайди ва муайян сигналларни топади. Бу платформадан, масалан, полициячилар, АҚШ иммиграция ва божхона хизматлари фойдаланади. Foundry эса шунга ўхшаш функцияларни тижорат корхоналарига тақдим этади, ундан Airbus авиасозлик компанияси ҳам фойдаланади. Palantir ҳужжатларига кўра, компаниянинг 125 та мижози бўлиб, улар бутун дунё бўйлаб 150 та мамлакатда ишлайди.
Palantir’нинг ишланмалари молиявий фирибгарлик билан курашда, кибержосус кампанияларни аниқлашда, Афғонистон ва Ироқда фугаслар (портловчи модда заряди) жойлаштирилган жойларни топишда, йўқолган болаларни қидиришда, юқумли касалликлар тарқалишига қарши курашда ва ҳатто, тартибни предиктив қўриқлаш каби ноодатий дастурларда ҳам қўлланилади.
Бироқ давлат органлари билан ҳамкорлик асосан яширин хусусиятга эга: бу ҳақдаги маълумотнинг бир қисми оммага журналистларнинг қўлига аноним манбадан келиб тушган махфий ҳужжатлардан маълум бўлган. Масалан, 2015 йилда АҚШнинг разведка ва контрразведка билан шуғулланувчи идоралари Palantir ёрдамида ўзининг тарқоқ маълумотлар базасини бирлаштиргани хабар қилинган эди. Компаниянинг IPO учун тақдим этилган материалларидан маълум бўлишича, Palantir’нинг стратегик мақсади АҚШ давлат органларида мавжуд барча маълумотлар учун «ягона операцион тизим» яратишдан иборат.
Аммо айнан Palantir яратган дастур ёрдамида АҚШ махсус хизматлари 2011 йилда «биринчи рақамли террорчи» Усама бин Ладен жойлашган жойни топишга муваффақ бўлгани ҳақидаги янгилик энг каттаси бўлди.
Шу билан бирга, Palantir’нинг давлат органлари билан фаолиятини кўп танқид ҳам қилишади. Компаниянинг АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ISE) билан ҳамкорлиги можарога айланди: 2017 йилда сизиб чиққан ҳужжатлардан маълум бўлдики, чегарачилар ноқонуний муҳожирларни қидириш ва депортация қилишда Palantir ишланмаларидан фойдаланар экан. Айни шу вақтда президент Дональд Трамп ҳам ноқонуний муҳожирларга қарши кураш бўйича фаол кампанияни бошлаган, бу АҚШда кўплаб танқидларга сабаб бўлган эди.
Palantir’да дастлаб буни рад этишга уринишди, аммо кейинроқ Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эълон қилган маърузада ҳам Palantir АҚШ чегарачилари ҳам ортиқча ҳамкорликда айбланди. Amnesty International фикрича, компания «ўзига шерик қидиришда бефарқлик кўрсатиб, шу тарзда инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйиб беради».
Компаниянинг ICE билан ҳамкорлиги Palantir ходимлари ўртасида қўзғолонни келтириб чиқарди, аммо бу самара келтирмади. Устига-устак, Palantir асосчиларидан бири ва бош директори Александр Карп АҚШ ҳукуматининг уларни қўллаб-қувватлаши ҳақида очиқ гапириб, бундай кўмакдан бош тортаётган технологик компанияларни «сотқинлар» ва «омадсизлар» деб ҳам атади. У, хусусан, Google’ни назарда тутган эди, у ўша даврда ходимлари томонидан кўрсатилган норозиликлар туфайли Пентагон билан катта битим тузмаган эди.
Palantir бош штаби Калифорниядан Колорадо штатининг Денвер шаҳрига кўчиб ўтди, бу кўп жиҳатдан мафкуравий нуқтаи назардан бўлиб, компания асосочилари Кремний водийсини қадриятлари йўқлиги учун танқид қилган эди.
Охир-оқибат, 2020 йил апрелида, COVID-19 пандемиясининг айни авжида, АҚШ Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлиги Palantir билан коронавирусга қарши кураш учун HHS Protect таҳлилий платформасини яратиш мақсадида 25 миллион долларлик шартнома тузганида, АҚШ конгрессининг 15 аъзоси вазирликдан таҳлил учун қандай маълумотлар ишлатилиши ва вазирлик уларни яна ким билан бўлишишни режалаштираётгани ҳақида ҳисобот талаб қилди. «Биз Palantir томонидан муҳожирларни қидириш ва қўлга олиш учун ишга туширилган кузатув тизимига HHC Protect платформаси томонидан тўпланадиган шахсий тиббий маълумотлар ҳам келиб тушишидан хавотирдамиз», — дейилган конгрессменлар хатида. Бунга жавобан вазирлик вакиллари тизимда барча маълумотлар шахссиз эканлигини ва чегара хизмати HHC'дан фойдалана олмаслигини айтган.
Питер Тил Дональд Трампни 2016 йилда унинг сайлов кампанияси чоғида қўллаб-қувватлагани ҳам Palantir’нинг шов-шувли жиҳатини янада оширди. Бу Трампга қарши томонга бизнесменга ва унинг компаниясига таъна-маломатлар ёғдириш учун важ бўлди. Шунгача етиб бордики, Трампнинг ўта ўнг тарафдорлари томонидан тарқатилган дезинформацияга нисбатан Facebook модераторларининг суст ва пойма-пой реакциясини Питер Тилнинг Facebook директорлар кенгашидаги ўрни билан боғлай бошлашди. Охир-оқибат АҚШда сиёсатчилар томонидан Palantir фаолиятини шаффофроқ қилиш талаби тобора кўпроқ янграмоқда, компаниянинг биржага чиқиши эса бунинг учун кўпроқ асос беради.
Биржага чиқиш
Palantirнинг эҳтимолий IPO’си ҳақида 2018 йил охирида маълум бўлган эди, ўшанда бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб хабар берган. Ўша вақтгача компания хусусий инвесторлардан бир нечта ўнлаб инвестицион раундларда қарийб икки миллиард доллар жалб қилишга улгурган эди. Аммо фаолиятининг ёпиқлиги туфайли, унга берилган баҳолар тубдан фарқ қилар эди: масалан, 2015 йилда инвестраунд чоғида Palantir 20,3 миллиард долларга баҳоланган бўлса, уч йил ўтиб, Morgan Stanley таҳлилчилари уни бор-йўғи 6 миллиард долларга баҳолади.2020 йил 29 сентябрь куни NYSE’га жойлаштирилаётган вақтида Palantir тахминан 21 миллиард долларга баҳоланди: савдолар бошида унинг акциялари донаси 10 доллар турган бўлса, кейинроқ 11,4 долларгача ўсди, ёпилишга келиб, битта қимматбаҳо қоғоз баҳоси 9,5 долларга тенг бўлди. Биржага чиқиш акцияларни тўғридан-тўғри жойлаштириш (DPO) форматида бўлди. Бевосита листингда, IPO’дан фарқли равишда, компания янги акциялар чиқармайди, балки жорий акциядорларга тегишлиларини сотади. Palantir 257 миллиондан ортиқ акцияни сотди ва, шу тариқа, ўз эгаларига, айниқса, асосчиси Питер Тилга жами 2,5 миллиард долларни қўлга киритиш имкониятини берди.
Компаниянинг бундай баҳоланиши ҳам кўпчиликка ноаниқ бўлиб туюлди. Гап шундаки, компания ўзининг 17 йиллик фаолияти давомида зарар келтирадиган бўлиб келган ва даромадининг ўсиш суръатлари ҳам сўнгги йилларда секинлашмоқда. 2019 йил якунларига кўра, Palantir'нинг даромади 742,6 миллион долларни, соф зарари эса 579,6 миллион долларни ташкил қилган. Шу билан бирга, ўз қимматбаҳо қоғозларига инвестиция киритиш рисклари ҳақида айтиб, компания ўз проспектида огоҳлантиришича, «операцион харажатлар ўсишини кутмоқда ва ҳеч қачон фойда олмаслиги ҳам мумкин».
Palantir’да ҳақиқатан ҳам тежашни ёқтиришмайди. Масалан, компаниянинг сотув ва маркетинг харажатлари 2019 йилда 450 миллион долларни ташкил қилган, 321 миллион доллар умумий ва маъмурий мақсадларга ишлатилган, бу ҳатто тадқиқотлар ва ишланмаларга кетган харажатлар — 305,5 миллион доллардан ҳам кўпроқ. Шу тариқа, жами операцион харажатлар 1,07 миллиард доллардан ошди ва даромаддан тахминан 45 фоизга кўпроқ бўлди.
АҚШ давлат органлари билан шартномаларга боғлиқлик Palantir молиявий ҳолатининг бир вақтнинг ўзида ҳам кучли, ҳам заиф томони ҳисобланади. Америка ҳукумати Palantir’нинг энг йирик мижозидир: 2020 йилнинг биринчи ярмида 53,5 фоиз даромад — 258 миллион долларни компания давлат шартномаларидан ишлаб топди. Бизнеснинг бир нечта мижозларгагина тобе бўлиб қолиши риск омили ҳисобланади, Palantir эса буни ўз проспектида тан олади.
Аммо бунга бошқачароқ ҳам қараш мумкин: йиллик давлат шартномаларини барқарорлик белгиси деб баҳолаш мумкин, чунки яқин келажакда Америка ҳукумати Palantir ишланмаларидан воз кечади деб ўйлаш учун ҳеч қандай асос йўқ. Масалан, компания биржа чиққан куни АҚШ мудофаа вазирлиги у билан навбатдаги шартнома тузилганини эълон қилди: Palantir икки йил давомида АҚШ Қуролли кучлари тадқиқотлар лабораториясида сунъий ақл ва машинали ўқитиш технологияларини ишлаб чиқади, бунинг эвазига эса 91,2 миллион доллар олади. Вазирлик қайд этишича, Palantir 998 та рақиби орасидан ушбу тендерни ютиб олган.
Американинг Forbes нашри эса инвесторларга Palantir қимматли қоғозларига сармоя киритишни тўғридан-тўғри тавсия қилмайди. «17 йил ичида Palantir фойда олишни ўргана олмади. Компанияни бошқарувчилар бу қандай қилинишини ҳозир, акциялар биржалар чиқарилганида тушуниб оладими?» — деган саволни кўтаради Forbes.
Компания ичидаги молиявий ва бошқарув масалалари ҳақиқатан ҳам ўзига хос тарзда ҳал қилинади. Компания ҳужжатларига кўра, 2016 йилда Palantir асосчиларидан ва асосий акциядорларидан бири Стивен Коэн компаниянинг ўзидан 25,9 миллион доллар миқдорида қарз олган, у 2020 йил августига қадар ҳам ёпилмаган. Охир-оқибат, қарзнинг катта қисмини Palantir’нинг Коэнга тегишли 3,5 миллионта акцияси эвазига ёпиб юборишга қарор қилинган.
Шу билан бирга, компания асосчилари ва унинг асосий акциядорлари Питер Тил, Стивен Коэн ва Александр Карп акцияларни жойлаштириш чоғида ўз акцияларининг катта қисмини сотган бўлса-да, улар Palantir акцияларининг 49,9 фоизини назорат қилади, топ-менежмент билан биргаликда, уларнинг ҳиссасига 50,8 фоиз тўғри келади. Бу барча бошқарув қарорларини мустақил қабул қилишини ва инвесторларда уларга таъсир ўтказиш механизмлари бўлмаслигини билдиради.
Изоҳ (0)