Арманистон ҳукумати Тоғли Қорабоғда низолар кучайиши туфайли 27 сентябрь куни жорий қилинган ҳарбий ҳолат режимини қатъийлаштирди, деб хабар бермоқда «РБК».
Хусусан, Арманистоннинг мудофаа қобилиятини, шунингдек, ҳарбий ҳолатнинг ҳуқуқий режимини таъминловчи ҳукумат ҳаракатларини танқид қилиш тақиқланди.
«Арманистоннинг мудофаа қобилиятига ва хавфсизлигига путур етказувчи ташвиқот ман қилинади», — дейилади «Sputnik Арманистон» хабарида. Янги қоидаларга риоя қилиниши устидан полиция назорат олиб боради.
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатларни тўхтатишга чақириб, Арманистон ва Озарбайжон ТИВ раҳбарларини Москвага музокаралар олиб бориш учун таклиф қилган эди.
Тоғли Қорабоғда кенг қамровли жанговар ҳаракатлар 27 сентябрдан буён давом этмоқда. Бу минтақадаги сўнгги ўн йилликда кузатилган энг жиддий тўқнашув бўлмоқда.
8 октябрь куни Женавада Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Минск гуруҳи ҳамраислари — Россия, АҚШ ва Франция Тоғли Қорабоғдаги низони ҳал қилиш бўйича музокаралар ўтказишни бошлади. Унда Озарбайжон ТИВ раҳбари Жайҳун Байрамов ҳам қатнашди.
Изоҳ (0)