АҚШ Федерал қидирув бюроси янги фитна фош қилингани ҳақида хабар берди, унинг иштирокчилари Мичиган штати губернатори Гретхен Уитмерни ўғирлаб кетишни режалаштирган, деб ёзади Meduza.
Текширув доирасида АҚШ Кўнгиллилар қўшини ҳаракати ғоясига қўшилган 13 киши ҳибсга олинган. ФҚБ талқинига кўра, улар 200 га яқин кишини ёллаб, штат капитолийси биносига шиддатли ҳужум қилишни ҳамда мансабдорларни, шу жумладан, губернатор Уитмерни гаровга олишни, сўнг уларни «давлатга хиёнат» учун суд қилишни режалаштирган.
Кўнгиллилар қўшинининг режалари ҳақидаги маълумотни ФҚБ ўша гуруҳга киритилган яширин агентдан олган. Агент уларнинг Капитолийга автоматик қуролдан ва Молотов коктейлларидан фойдаланиб ҳужум қилиш ҳамда тактик тайёргарлик бўйича машғулотлар ўтказиш ҳақидаги гапларини ёзиб олган. Айбланувчилар, шунингдек, губернатор қароргоҳини кузатиб, унинг кун тартибини ўрганган ҳамда портловчи модда сотиб олиш учун пул йиғган.
Гумонланувчилар умрбод озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Мичиганда коронавирус пандемияси даврида АҚШ штатлари орасидаги энг қатъийларидан бири бўлган чеклов чоралари жорий қилинди, уйда ўз-ўзини яккалаш ва ҳаракатланишни чеклаш шулар жумласидандир. Шу туфайли Гретхен Уитмер радикаллар томонидан бир неча марта тўғридан-тўғри таҳдидларга учраган.
Изоҳ (0)