Наманганда ўзига ўт қўйиб шу тарзда икки ярим йил муқаддам сотиб олинган уйидан мажбуран чиқармоқчи бўлган МИБ ходимларига норозилигини билдирган аёл вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратуранинг маълум қилишича, воқеаси юзасидан жиноий иш очилган.
«Ижтимоий тармоқларда Наманганда мажбурий ижро вақтида ўзига ўт қўйган аёл ҳалок бўлганлиги ҳақида хабарлар тарқалган. Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилди», – дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аёл 30 сентябрь куни танасининг 80 фоиздан ортиқ куйиш тан жароҳати натижасида Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказининг Наманган филиалида вафот этган.
Маълум қилинишича, аёл фирибгарлик қурбони бўлган – унинг онасига уйни 13 минг долларга алдаб сотган аёлга озодликни чеклаш жазоси қўлланилган, уйнинг асл эгаси эса мулк ўзига қайтарилиши учун судга мурожаат қилган. Суд ундирувчи фойдасига жавобгар ва унинг оила аъзоларини Наманган шаҳридаги хонадонлардан биридан мажбурий тартибда кўчириш белгиланган.
Уйни ўз ихтиёри билан бўшатишни ҳоҳламаган аёл ва унинг онаси томонидан суд ижро ҳаракатларини амалга оширишга фаол қаршилик кўрсатилган. Айни ўша вақтда ижро ҳужжати талабини бажаришга тўсқинлик қилиш мақсадида 1985 йилда туғилган Д.Г. ўзига бензин сепиб, ёқиб юборган.
Изоҳ (0)