Чет элликларга Украинага эркин киришга рухсат берилди, деб хабар бермоқда «РИА Новости». Қайд этилишича, чет элликларнинг мамлакат ҳудудига киришига чеклов 28 сентябрдан бошлаб олиб ташланди.

Фото: «Информатор»

«Интерфакс»нинг ёзишича, давлат чегара хизмати вакили Андрей Демченко айни пайтда чет элликларнинг Украинага киришида ўзини изоляция қилиш ёки суғурта полиси билан боғлиқ алоҳида талаблар йўқлигини айтган.

Пандемия туфайли Украина чегараларини чет элликлар учун 28 августдан 28 сентябргача ёпишни мамлакат вазирлар маҳкамаси қарор қилганди. Мамлакат президенти Владимир Зеленский буни тўғри қарор деб ҳисоблаб, Украина ўз фуқароларини ҳам, мамлакатга келадиган бошқа давлат фуқароларини ҳам хавф остига қўя олмаслигини таъкидлаган. Кейинчалик вазият барқарорлашгач, Украина чегаралари, албатта,  очилишини билдирган.

Мамлакатда умумий карантин 12 мартдан жорий қилинди. 11 майдан бошлаб айрим чоралар юмшатилган ва маҳаллий ҳукуматга вазиятга қараб карантинни кучайтириш ёки камайтириш ҳуқуқи берилган. Яъни бутун мамлакат бўйлаб эмас, фақат тегишли ҳудудлардагина чекловлар кучайтирилган. Кейинчалик карантинни ноябрь ойигача узайтиришга, шунингдек, айрим тоифалардан ташқари чет элликларнинг 28 сентябрга қадар мамлакат ҳудудига киришни тақиқлашга қарор қилинган.

Бугунги кунда Украинада 201 305 кишида COVID-19 тасдиқланган, инфекциядан 3996 киши вафот этган, 88 453 нафари соғайган.