Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил вазн (-55,34 кг) тоифасида вакант бўлиб турган WBC камари учун чемпионлик жанги Тошкент вақти билан 27 сентябрь, якшанба куни Анкасвилл шаҳрида (АҚШ, Коннектикут штати) бўлиб ўтди.

Фото: Boxing Scene

Унда Луис Нери (31-0, 24 КО) ҳамда Аарон Аламеда (25-1, 13 КО) ўзаро рингга чиқди. 12 раундга мўлжалланган жанг тўлиқ давом этиб, ҳакамлар якунда 115-113, 116-112, 118-110 ҳисобида Нерининг ғалабасини қайд этди.

Шу тариқа WBC камари Луис Нерига насиб этди.

Қайд этиш жоиз, ушбу вазн тоифасида WBA ва IBF камарлари ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиевга (8-0, 6 КО) тегишли. WBO йўналиши чемпиони эса Анжело Лео (20-0, 9 КО) ҳисобланади.

АҚШдаги бокс оқшомидаги яна бир тўқнашувда эса иккинчи ярим енгил вазн (-55,34 кг) тоифасида WBA ва IBF камарларининг собиқ соҳиби Даниэль Роман (28-3-1, 10 КО) WBC камари учун биринчи саралаш жангида Хуан Карлос Пайанога (21-4, 9 КО) қарши рингга чиқиб, очколар эвазига ғалаба қозонди.

Мазкур жанглар видеосини бу ерда томоша қилиш мумкин → ҳавола.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!