2020 йил 24 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тадбирларига ажратилаётган маблағларнинг самарадорлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори эълон қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё»

Мазкур қарорга кўра, ходимларга иш ҳажмидан келиб чиқиб, кунбай ишлаш шароитида ҳар 30 кунлик давр учун иш юкламасини инобатга олган ҳолда ҳар ойлик иш фаолияти якуни бўйича қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус тўлов белгиланди:

  • врач ходимларга, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм;
  • бошқарув ва ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга – 15 миллион сўм;
  • провизор-фармацевт ходимларга – 10 миллион сўм;
  • дезинфектор ва кичик тиббиёт ходимларига – 8 миллион сўм;
  • бошқа ходимларга – 5 миллион сўм.

Шунингдек, анестезиолог-реаниматолог врачларга ҳам махсус қўшимча рағбатлантириш тўловлари ҳисоб-китоб қилинади ва тўлаб берилади.

Стационар тиббиёт муассасалари ҳамда лабораторияларга жалб қилинган ходимларга махсус тўловлар:

  • ходим 2020 йилнинг 20 август кунигача фаолият юритган бўлса, унинг 14 кунлик фаолияти якуни бўйича ҳисоб-китоб қилинган бўлиши керак. Бунда 14 кунлик фаолияти якунига қадар амалда бўлган шартлар сақлаб қолинади.
  • ходим 2020 йилнинг 20 август кунидан кейин жалб қилинган бўлса, 30 кунлик давр учун ҳар ой якуни бўйича ҳисоб-китоб қилинади.

Бундан ташқари, мазкур қарор қабул қилинган сана, яъни 2020 йилнинг 24 сентябрига қадар махсус тўловлар амалга оширилишида врач ходимларга, врач-лаборантларга 25 миллион сўм, ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга 15 миллион сўм, кичик тиббиёт ходимларига 10 миллион сўм ва бошқа ходимларга 5 миллион сўм амалда бўлган миқдорлари сақлаб қолинади.

Шунингдек, коронавирус инфекцияси билан касалланган беморлар жойлаштирилган стационар даволаш муассасалари раҳбарлари ва бевосита даволаш ишлари билан шуғулланувчи унинг ўринбосарларига врачлар учун белгиланган махсус тўлов, яъни 25 миллион сўм миқдоридаги тўлов татбиқ этилади.

2020 йил 6 августда Молия вазирлиги томонидан республика бўйича коронавирусга қарши кураш тадбирлари учун 2020 йилнинг 4 августига қадар жами 1 триллион 303 миллиард сўм маблағ харажат қилинган бўлиб, жумладан, коронавирусга қарши кураш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт ходимларига 3—4 август кунлари 15 миллиард 763 миллион сўм маблағ тўлаб берилганини билдирган.