YouTube’даги The Inja ники остида фаолият кўрсатувчи блогер Хитойнинг дунёга машҳур Alibaba сайти орқали буюртмани амалга ошириб, фирибгарларга алдангани тўғрисида видеоролик эълон қилди. Эркак 31 минг долларга Qiantu К50 электрокупени харид қилган, бироқ унга кичкина, номаълум электрохетчбекни етказиб беришганида ҳайратга тушган.

Кадр: YouTube

Qiantu К50 Хитойнинг Qiantu Motor компанияси томонидан яратилган люкс электромобил ҳисобланади. Купе 400 от кучига эга тўлиқ электродвигатель билан жиҳозланган. Спорткар соатига 100 километр тезликка беш сонияда эриша олади. Моделнинг максимал тезлиги эса 200 км/соатга тенг. Шимолий Америкада автомобилнинг расмий нархи 125 минг долларни ташкил этади.

Бироқ Alibaba сайтида купе 31 минг доллардан сотилган. Эълонда марканинг логотипи туширилган ва спорткар номи келтирилган сурат бўлмаган. Бироқ бу каби фактлар блоглерни тўхтатиб қола олмаган. Эркак пул тежаш мақсадида сотувчига ишонган.

Узоқ кутилган контейнерни очган блогер унинг ичидан номаълум фирма томонидан ишлаб чиқарилган кичкина оқ-пушти электрохетчбекка дуч келган. Шунингдек, у икки эшикли машинани ясашда ишлатилган материаллардан ҳам ҳайратга тушган. Автомобиль арзон пластикдан ясалган.

Блогер ўзининг омадсиз хариди ҳақида YouTube’да бўлишган. Аввалига сотувчи фирибгарлик ҳолатини тан олишни истамаган. Бироқ видео юз минглаб маротаба томоша қилингач, харидор қисман компенсация олишга муваффақ бўлган, бироқ бунинг эвазига у видеороликни каналидан ўчириб ташлаши керак.