ПСЖ ярим ҳимоячиси Анхель ди Мария Франция чемпионатининг 3-туридан ўрин олган «Марсель»га қарши ўйиндаги (0:1) ҳаракатлари учун узоқ муддатли дисквалификация олиши мумкин, дея хабар беради Daily Mail.
Ди Мария «Марсель» ҳимоячиси Альваро Гонсалесга қарата тупургани учун жазоланиши мумкин. Манбада айтилишича, бу коронавирус протоколининг жиддий бузилиши ҳисобланади. Шу тариқа аргентиналик футболчи олти ўйинга дисквалификация қилиниши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, учрашувнинг сўнггида иккала жамоа аъзолари ўртасида жанжалли вазият юзага келди ва ҳакам умумий ҳисобда беш нафар футболчига қизил карточка кўрсатди.
Қайд этиш ўринли, аввалроқ ўша учрашувдаги хатти-ҳаракатлари учун Неймарнинг ҳам еттита ўйингача дисквалификация қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, Неймар «Марсель»га қарши баҳсда рақиб ўйинчиси Альваро Гонсалеснинг бошига қўли билан зарба берган, ҳакам эса видеотакрорлардан сўнг ҳужумчига қизил карточка кўрсатганди.
Бразилиялик футболчи Гонсалесни ирқчилик руҳидаги сўзларни ишлатганликда айбламоқда. Бироқ Гонсалес бу айбловларни рад этди ва Неймарга ютқазишни ҳам билиш кераклигини айтган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)