Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига COVID-19 инфекциясига қарши курашиш учун қиймати 50 минг долларлик кислород концентрати, пулсоксиметр ва шахсий ҳимоя воситалари топширилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Қайд этилишича, ушбу воситалар Ўзбекистоннинг АҚШ ва Канададаги элчихонаси, Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси, АҚШ ва Канададаги ватандошлар уюшмаси, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида олиб келинган бўлиб, АҚШ ҳамда Канадада яшайдиган ўзбекистонликларнинг «Биз Ўзбекистонга бефарқ эмасмиз» шиори остида жамғарган маблағлари ҳисобига хориждан харид қилинган.
«Ватандошларимиз Ўзбекистонда пандемияга қарши курашишга беғараз ёрдам бериш учун қисқа вақтда 100 минг доллар йиғди. Ушбу маблағга Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва жамғармамиз томонидан замонавий тиббиёт ускуналари ҳамда бошқа шахсий ҳимоя воситалари хориждан божхона тўловларисиз олиб келинди», — дейди АҚШнинг Give To Get International Ing жамғармаси Ўзбекистондаги вакили М.Қодиров.
Хабарда айтилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тақсимотига асосан унинг тенг ярми Қашқадарё вилоятидаги тиббиёт муассасаларига етказиб берилди. Қолган тиббиёт ускуналари ва шахсий ҳимоя воситалари Сурхондарё вилоятига олиб келинган ва шу куни Термиз шаҳри ва туманлардаги тиббиёт бирлашмаларига жўнатилди.
Изоҳ (0)