Бухоро вилоятида яқин муносабатда бўлган аёл танишининг шахсий фотосуратларини интернетда тарқатиш билан қўрқитиб, ундан 1000 АҚШ доллари талаб қилган шахс қўлга олинди, деб хабар беради Тергов департаменти.

Қайд этилишича, 36 ёшли У.Р. 2018 йилнинг сентябрь ойида 22 ёшли Р.А. (аёл) билан интернет ижтимоий тармоғи орқали танишиб, у билан яқин муносабатларда бўлиб келган. У.Р. ўзининг уяли алоқа воситасида мавжуд бўлган Р.А.га тегишли шахсий фотосуратларни унинг оила аъзоларига кўрсатмаслик ва интернет тармоқларида тарқатмаслик эвазига Р.А.дан 1000 АҚШ доллари талаб қилган.

У.Р. 2020 йилнинг 4 сентябрь куни соат 11:15 да Бухоро шаҳри Б.Нақшбанд кўчасида Р.А.дан товламачилик йўли билан 500 АҚШ доллари пулларни олаётган вақтида ушланган ва тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Ҳолат юзасидан Бухоро шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан У.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. У.Р., гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.