Хитойнинг Чжэцзян провинциясида яшовчи 19 ёшли қиз юзидаги ҳуснбузарни сиқиши ортидан унда мия касаллиги келиб чиқди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.
Юзидаги ҳуснбузарни сиқиб ташлаган қиз бироздан сўнг ўнг кўз соҳасидаги оғриқдан азоб чека бошлади. Бир неча кун ичида унинг тана ҳарорати кўтарилиб, кўзида шиш кузатилди. У 39 даража тана ҳарорати ва бошланғич менингит аломати билан шифохонага ётқизилди.
Бу ҳолатга тушишнинг сабаби кўз косасининг орқа қисмидаги бўшлиқда келиб чиққан каверноз синус тромбозидир. Ушбу хавфли касаллик жараёнида мия соҳасида инфекцияларнинг тарқалиши юз беради. Маълумотларга кўра, каверноз синус тромбози билан касалланган ҳар учта беморнинг бири вафот этиши мумкин.
Инфекция манбаси тиш, қулоқ, бурун (унинг тери ўйиқлари) бўлиши мумкин. Энг катта эҳтимолга кўра, инфекция ҳуснбузар сиқилгандан сўнг ундан ҳосил бўлган ярага кирган.
Қизга шифокор томонидан антибиотиклар муолажаси буюрилган. Ҳозирда қизнинг аҳволи барқарор бўлишига қарамай, шифохонада қолмоқда.
Изоҳ (0)