Нидерландия жанубидаги Схейндел шаҳрида ҳаво шарларини ишлаб чиқарувчи компания учта тўтиқушни қўрқитиб юборгани учун жаримага тортилди, деб хабар бермоқда Dutch News.
Нашрнинг қайд этишича, компания учта ноёб тўтиқушнинг нобуд бўлгани учун қушларни коллекция қилувчи кишига 68 минг евро компенсация тўлайди. Нобуд бўлган қушлар орасида қиймати 40 минг евролик бир жуфт йирик гиацинт ара ва 1250 еврога тенг сариқбўйин амазон бўлган.
Компенсация ичига қушлар дунёга келтириши мумкин бўлган наслни сотишдан тушадиган 14 минг евро ҳам киради.
Қушлар 2017 йил март ойида мусобақалашаётган ҳаво шари уларнинг қафасидан атиги 50 метр нарида учиб, асосий ўт олдиргич (горелка)ни ёққан пайтида қўрқувдан ўлган. Ўт олган пайтда чиққан шовқин стрессга олиб келиши оқибатида улар ҳалок бўлган.
Аввалроқ суд тўтиқушлар стрессдан ўлганини аниқлаган, лекин айбдор топилмаган эди. Баландлик ва масофа тўғрисидаги маълумотлар тўтиқушларга Схейнделдан бўлган компаниянинг ҳаво шари ҳаммадан яқин келганини кўрсатган, бунда у ердан атиги 15 метр баландликда бўлган.
Ҳаво шарини бошқарган киши ҳавода муаллақ туриши учун горелкани ёқишга мажбур бўлгани билан ўзини оқлаган.
Изоҳ (0)