Сингапурлик олимлар датчик ёрдамида коронавирус билан касалланиш бўйича параметрларни кузатиб, Bluetooth орқали уни смартфонга узатувчи ниқоб яратди. Бу ҳақда The Straits Times хабар берди.
Датчиклар тизими тана ҳарорати, қоннинг кислород билан тўйинганлиги, қон босими ва пулс каби параметрларни қайд этади.
Ишлаб чиқарувчиларнинг айтишича, олимлар айни пайтда аввал фойдаланилган учта сенсорни ўз ичига олган ягона чипни синовдан ўтказмоқда. Ушбу чип эластик материал билан қопланган бўлиб, датчикка сув ўтказмайди. Сенсорни бир марталик ёки кўп марталик ниқобнинг ёноқ қисми тарафига тикиб қўйиш, ниқобнинг ўзини эса ҳатто ушбу чип билан бирга ювиш мумкин.
Олимлар ўз ихтироларини ой охиригача клиник шароитда синаб кўришни, шундан сўнг уни сотувга чиқаришни режалаштирмоқда. Оммавий ишлаб чиқариладиган бўлса, бундай ниқоб 20 доллардан арзон бўлиши тахмин қилинмоқда.
Аввалроқ Тошкентдаги Инҳа университети талабалари сенсорли «ақлли ниқоб» ихтиро қилгани хабар берилган эди. У инсоннинг тана ҳароратига, йўтал, акса уриш ва нафас олишда бўлаётган қийинчиликни уч хил сенсор орқали аниқлаб бера олиши айтилган.
Изоҳ (0)